Олмаотада «Қонли январь» қурбонлари хотирасига митинг бўлиб ўтмоқда, дея хабар берди Orda.kz нашри. Унда 700 га яқин одам иштирок этмоқда.

Соат 11:00 атрофида одамлар Мустақиллик монументи олдига тўплана бошлади. Митинг марҳумлар хотирасига дуо ўқилиши билан бошланди.

Фото: Orda.kz

30 дақиқадан сўнг тез ёрдам машиналари майдонга етиб келган. Хабарда айтилишича, ҳозирча полиция митингга қаршилик кўрсатмаяпти. Майдонда фақатгина 3 та полиция машинаси борлиги айтилди.

Фото: Orda.kz

Полиция ходимлари намойишчиларга халал бермаслик учун Назарбоев шоҳ кўчаси ва Желтоксан кўчасидан ўтадиган автомобилларни бошқа тарафга йўналтираётгани маълум қилинди.

Намойишчилар қўлларида «Бегуноҳларга озодлик», «Халқ террорчи эмас», «Қонли январни унутмаймиз ва кечирмаймиз», «Огоҳлантирмасдан ўт очиш — бу халққа қарши жиноятдир» каби ёзувлар туширилган плакат ва баннерлар бор.

Фото: Orda.kz

Булат Абилов, Жанболат Мамай, Ораз Жандосов ва Айгерим Тлеужан, сиёсатшунос Дўсим Сатпаев ва жамоат арбоби Санжар Бокаев рухсат этилмаган митингда қатнашди.

Фото: Orda.kz

Қайд этилишича, намойишлар бўлаётган майдонда интернет билан узилишлар бўлмоқда. Бу ҳукумат томонидан амалга оширилаётган бўлиши мумкинлиги айтилди.

Ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва терроризмда гумон қилиниб жабрланганлар жиноят ишларини холис тергов қилиш ва ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб қилмоқда. Намойишлар бошланганидан бироз вақт ўтиб Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев ўз халқига мурожаат йўллади.

«Фожиали воқеалардан 40 кун ўтди. Қурбонлар хотирасини дуо билан ёдга олиш учун масжидга келдим. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирмоқчиман. Давлат сизни муаммо билан ёлғиз қолдирмайди. Ўрнини тўғрилаб бўлмас талофатларга учраган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ бердим», — деди президент.

Сўз якунида президент Қозоғистон халқига сабр-тоқат ва осойишталик, мамлакатга тинчлик ва фаровонлик тилади. Шунингдек, у ватандошларни ёш авлод манфаати йўлида умумий саъй-ҳаракатлар билан Янги Қозоғистонни барпо этишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойи бошида Қозоғистонда суюлтирилган газ нархининг кескин ошиши оқибатида юзага келган намойишлар оммавий тартибсизликларга айланиб кетди. Натижада Қозоғистон ҳукумати барча худудларида фавқулотда ҳолат жорий этди, президент Қасим-Жомарт Тоқаев сўрови билан КХШТ қўшинлари мамлакатга киритилганди.