Президент 10 февраль куни «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПҚ-126-сон] қарорга имзо чекди.

Ушбу ҳужжат «халқнинг бебаҳо мулки ҳисобланган ноёб ёзма ва тошбосма меросни сақлаш ва тадқиқ қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда бу жараёнга рақамли технологияларни кенг жорий этиш мақсадида» қабул қилинди.

Қарор билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Шарқшунослик институти ва Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг жамоатчилик учун очиқ бўлган Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини шакллантириш ва давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондлари фаолиятига интеграция қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Ислом цивилизацияси маркази қуйидагиларни амалга оширади:

  • республика ҳудудидаги барча музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини тузиш ва доимий мониторингини юритиш;
  • Давлат реестри асосида қадимий ёзма манбаларнинг турлари бўйича (қўлёзма, тошбосма манбалар, тарихий ҳужжатлар) каталоглари ва электрон нусхаларини яратиш, уларни Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўйича ягона ахборот тизимига киритиш ҳамда мунтазам тўлдириб бориш чораларини кўриш;
  • Марказ ва Шарқшунослик институтида марказлашган ҳолда сақланадиган ва Давлат реестрига киритилган қадимий ёзма манбаларнинг ҳолати, доимий мониторинг ва тадқиқ этилиши натижалари ҳақидаги маълумотларнинг мунтазам равишда махсус порталлар ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини таъминлаш;
  • Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан биргаликда қадимий ёзма манбаларнинг консервацияси ва реставрацияси билан шуғулланаётган соҳа ходимларининг мунтазам равишда касбий салоҳияти ва малакасини ошириш, шунингдек, соҳа учун етук мутахассис кадрларни тайёрлаш.

Ислом цивилизацияси маркази бир ой муддатда Туризм ва спорт вазирлиги, АКТ вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси ва «Ўзархив» агентлиги билан биргаликда Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўйича ягона ахборот тизимини яратиш концепцияси ва техник топшириқ лойиҳасини ишлаб чиқади.

Шарқшунослик институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Маданий мерос агентлиги ва «Ўзархив» агентлиги билан биргаликда Қадимий ёзма манбалар давлат реестри тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Республика ҳудудидаги музейлар, кутубхоналар, архив фондлари ва бошқа муассасаларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг илмий долзарблиги ва муҳимлигига қараб, уларни таржима ва тадқиқ қилиш жадвали ишлаб чиқилиб, тасдиқланади ҳамда халқчил тилда босқичма-босқич нашр этилади.

Вазирлар Маҳкамаси Ислом цивилизацияси маркази билан биргаликда икки ойда давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар, архив фондлари ва бошқа муассасаларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларни марказ тасарруфига ўтказиш бўйича режани тасдиқлаб, босқичма-босқич амалга оширади.

Марказ сақлаш ва тадқиқ қилиш учун олиб келинган қадимий ёзма манбаларнинг тегишли (ҳудудий, идоравий, шахсий ва бошқа) мансублигидан келиб чиқиб, алоҳида коллекция ҳолида муҳофаза қилишни таъминлайди. Режа-график асосида хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар уюштириш орқали аҳоли ва турли фондларда сақланаётган мамлакат алломалари ва мутафаккирларининг ижодига мансуб бўлган қадимий ёзма манбаларнинг каталоглари ва электрон нусхаларини аниқлаш, Марказ фондига олиб келиш ва илмий муомалага киритиш чоралари кўрилади.

Икки ой муддатда жисмоний ва юридик шахслардан қадимий ёзма манбаларни харид қилиш, уларни давлат тасарруфига топшириш механизмлари ишлаб чиқилади.

Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Қадимий ёзма манбаларни консервация ва реставрация қилиш лабораторияси ташкил этилади.

Лаборатория республика ҳудудидаги музейлар, кутубхоналар ва бошқа муассасаларнинг архив фондларида, жисмоний ва юридик шахсларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларни уларнинг буюртмаси асосида таъмирлаш ишларини амалга оширади.

Қадимий ёзма манбаларни таъмирлашдан тушган маблағлар Марказ ва Лаборатория фаолиятини ривожлантиришга сарфланади.

Лаборатория фаолиятига ёзма манбалар консервацияси ва реставрацияси йўналишида етарли даражадаги билим ва иш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассислар Марказ томонидан Жамғарма ҳисобидан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб қилинади.

Лаборатория Тошкент шаҳар, Абдулла Қодирий кўчаси, 11-уй манзилидаги Ўзбекистон халқаро ислом академияси биносига бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида вақтинча жойлаштирилади.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида «Қадимий ёзма манбалар консервацияси ва реставрацияси» таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.