Американинг Project CURE хайрия ташкилоти Қорақалпоғистондаги шифохоналарга қиймати 3 млн долларлик тиббиёт ускуналаридан иборат навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини йўллади, деб хабар берди «Дунё» АА.

Хабарда айтилишича, юк ортилган контейнер Қорақалпоғистонга АҚШ-Италия-Греция-Грузия-Ўзбекистон йўналишида денгиз ва ер усти йўллари орқали етказилади. Беғараз кўмак 2022 йилнинг апрель ойи охирида сўнгги манзилга етиб келиши режалаштирилган.

Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аризасига кўра шакллантирилган гуманитар юкларнинг умумий ҳажми қарийб 7 тоннани ташкил этади.

Оролбўйига етказиладиган гуманитар ёрдам ультратовуш аппаратлари ва ускуналари, рентген сканерлари, янги туғилган чақалоқлар учун интенсив терапия инкубаторлари, шунингдек, дефибрилаторлар, лаборатория асбоблари, кислород баллонлари, беморларни ташиш учун аравачалар, наркоз ва нафас олиш аппаратлари, операция столлари учун матраслар ва бошқа шу каби зарур тиббий буюмлардан иборат.

Project CURE — 1987 йилда ташкил этилган нодавлат ташкилоти бўлиб, ривожланаётган мамлакатларга замонавий тиббий асбоб-ускуналар танқислигини бартараф этишда ёрдам беради. Ташкилот фаолияти дунёнинг 135 давлатини қамраб олган ва йилига 200 та контейнер жўнатади, уларнинг ҳар бирида ўртача 300 минг долларлик тиббий буюмлар бўлиши мумкин.

Project C.U.R.E. томонидан Оролбўйи минтақасига гуманитар юкларнинг биринчи партияси 2021 йилнинг май ойида юборилган. Ўшанда инсонпарварлик ёрдами қиймати 3 млн доллар бўлиб, тиббиёт буюмлари ва жиҳозлари, сунъий шамоллатиш мосламаларини ўз ичига олган 40 футлик ўнта контейнерни ташкил қилган.