2021 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил аралашуви билан 53 нафар маҳкумга инсонпарварлик далолатномалари қўлланилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Омбудсман матбуот хизмати деб хабар берди.

Таъкидланишича, Омбудсманга ишонч телефони орқали Тошкент вилоятидаги 43-сонли манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган 28 нафар, 50-сонли манзил-колониядаги 25 нафар ҳамда Самарқанд вилоятидаги 38-сонли манзил-колониядаги 8 нафар маҳкумдан мурожаатлар келиб тушган.

«Ушбу мурожаатларда, маҳкумлар озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазонинг белгиланган қисми ўталган бўлишига қарамай, уларга нисбатан инсонпарварлик далолатномаси қўлланилмаётгани баён қилинган», — дейилади хабарда.

Мурожаатлар Омбудсман томонидан ўрганилиб, ИИВ ва Олий судга ушбу ҳолатни бартараф этиш юзасидан сўров хати киритилган ва ижроси назоратга олинган.

«Натижада, Жиноят ишлари бўйича тегишли судларнинг ажрими билан 48 нафар маҳкумга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси аҳлоқ тузатиш ишларига, 3 нафар маҳкумни жазоси эса шартли равишда озод этишга ва 2 нафар маҳкумники озодликни чеклаш (уй қамоғи) жазосига алмаштирилган», — дейилади Омбудсман хабарида.

Қолган 8 нафар маҳкумнинг интизомий жазоси мавжуд бўлганлиги сабабли инсонпарварлик далолатномаси қўлланилиши рад этилган.

Омбудсман Жиноят кодексининг 73, 74, 89-моддаларида жазони ўташда муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш тартиби белгиланганини яна бир бор эслатиб ўтди.

Маълумот ўрнида, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар, жумладан, гауптвахта, интизомий қисм, тергов ҳибсхоналари, жазони ижро этиш колониялари ва мажбурий даволаш муассасаларида сақланаётган шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари Омбудсманга «10−96» қисқа рақамли ишонч телефони, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарда ўрнатилган «Омбудсман қутилари» ёки маҳкумларнинг яқин қариндошлари info_ombudsman.uzb@umail.uz электрон почтаси орқали мурожаат қилишлари мумкин.