Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди судьяси пора олишда гумонланмоқда. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 7 февраль куни Судьялар олий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтган. Унда Бош прокурорнинг Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди судьяси Т. О.ни Жиноят кодексининг 210-модда 2-қисми «г» банди (бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб пора олиш) билан жиноий жавобгарликка тортишга оид тақдимномаси муҳокама қилинган.

Бош прокуратура матбуот котибининг «Газета.uz»га маълум қилишича, гап фуқаролик ишлари бўйича Юқоричирчиқ туманлараро суди судьяси ҳақида кетмоқда. У ўз шериги билан ер билан боғлиқ низони ижобий ҳал қилиш эвазига 3 минг АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинганлар.

«Якунда Кенгаш хулосаси билан Т.О.ни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилди», — дейилади хабарда.

Тергов сири ва айбсизлик презумпцияси талабларидан келиб чиқиб, бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслиги қўшимча қилинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.