Қашқадарё вилояти Қарши туманига янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, халқ депутатлари Қарши тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида депутатлар томонидан Беҳзоджон Юсупов туман ҳокими лавозимига тасдиқланган.

Беҳзоджон Юсупов 1980 йилда Яккабоғ туманида туғилган. Тошкент давлат юридик институти, Тошкент давлат юридик институти магистратураси ва президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиш академиясини тамомлаган.

У шу вақтга қадар Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Қарши туманининг олдинги ҳокими Мақсуда Мустафоева олдинроқ ўз аризасига кўра вазифасидан бўшатилганди.

«Собиқ ҳоким Мақсуда Мустафоева қўлидан келганича ишлади. Аёл ҳоким бўлгани учун амалий ёрдам ва имкониятлар берилди. Аравани тортиш раҳбардан, давлатга фидойилик билан ишлаш — жамоадан», — деган кенгаш йиғилишида иштирок этган вилоят ҳокими Муротжон Азимов.

Ҳоким туманда муаммоли кредитлар қарийб 30 млрдга етганини, шунингдек, 36 млрд сўмлик 17 та катта лойиҳалар амалга оширилмаганлигини қайд этди.

«2021 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган арзон уй-жой ҳалигача топширилмаган. Кўплаб ижтимоий объектлар қурилиши ёки капитал таъмири ҳам охирига етказилмаган. 160 та бўш бино ва иншоатлардан самарали фойдаланилмаган, тадбиркорлардан 2021 йил давомида 628 та мурожаат келиб тушган», — деди у.

Муротжон Азимов тумандаги ерларни заҳирага қайтариш бўйича ҳам қарорлар қабул қилинмаганлигини қайд этди. «2021 йилнинг ўзида ер ажратиш бўйича ҳам қонунга зид қарорлар қабул қилиниб, давлатга 6 млрд сўм зарар етказилган. Бу каби кўплаб камчиликлар ортидан иш ўринлари яратиш муаммолигича қолган», — дея таъкидлади вилоят ҳокими.