2022 йилдан бошлаб Россиянинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва яна 14 давлатдаги савдо ваколатхоналарида «рақамли дипломатлар» пайдо бўлади, деб ёзади «Коммерсантъ» Россия ҳукуматига таяниб.

Янги ходимлар Россия IT-маҳсулотларини чет элда тарғиб қилади. Шунингдек, улар Россиянинг IT-компанияларига консалтинг ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатадилар.

«Рақамли дипломатлар» институтини яратиш 2021 йил сентябрь ойида тасдиқланган Россия IT-саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар рўйхатига киритилган. Биринчи босқичда улар 16 мамлакатда пайдо бўлади — юқоридагилардан ташқари, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, БАА ва бошқа давлатларда.

Бош вазир ўринбосари Дмитрий Чернишенконинг сўзларига кўра, 2024 йил охиригача «рақамли дипломатлар» 28 давлатда иш бошлайди. Улар олий маълумотга эга бўлиши, қабул қилувчи давлат тилини ва савдо соҳасидаги қонунчиликни билиши, шунингдек, IT-соҳасини тушуниши керак.

Spot нашрининг ёзишича, ишга қабул қилиш Рақамли ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилади. Саноат ва савдо вазирлиги Россия ахборот технологияларини ривожлантириш жамғармаси билан биргаликда «рақамли дипломатия» иши учун жавобгар экани айтилди.

«Руссофт» Россия ишлаб чиқувчилари ассоциацияси 2020 йил учун Россиядан IT-маҳсулотлар экспортини 7 млрд долларга, хориждаги офислар савдосини ҳисобга олган ҳолда — 8,6 млрд долларга баҳолади. 2021 йилда ўсиш, хусусан, Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё ҳисобига тахминан 20 фоизни ташкил қилади.

«Умуман дунёда IT`га бўлган эҳтиёж ортди, бизнинг хизматлар ва маҳсулотларимиз рубль девальвацияси туфайли янада даромадлироқ бўлди», — деди «Руссофт» раҳбари Валентин Макаров.

У бу ғояни қўллаб-қувватлашини айтди, бироқ экспорт ҳажмини йилига 2−3 фоиздан кўпроққа ошириш учун бу билан бизнес вакиллари шуғулланиши кераклигини таъкидлади. Иш ҳақига қўшимча равишда, уларни сотиш фоизи билан рағбатлантириш муҳим, дея қўшимча қилди Макаров.

«Рақамли дипломатлар» юқори технологиялар соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга ёрдам беради, деди собиқ Рақамли ривожланиш бўйича вазир Константин Носков.