Таниқли тележурналист Хайрулла Нуриддинов «Ўзбекистон 24» телеканалидаги янги «Менимча» кўрсатувида TikTok тармоғи ҳақида гапириб ўтди.

«TikTok`ни ёмонотлиқ бўлиб қолаётганининг сабаби унда баъзан, юмшоқ айтганда нодон, қаттиқ айтганда эса ота-онасининг бошига бало бўладиган бетавфиқ йигит-қизларнинг бемаза қилиқлари чиқиб қоляпти», — деди у.

Журналист шу кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, самарқандлик йигитлар кўчада йўловчини тепкилаганлиги ва кўчанинг ўртасида ош еган йигитнинг видеотасвирларини мисол қилиб келтирган.

Унинг сўзларига кўра, бу каби ҳолатларни кўрган жамиятнинг «ғазаби жунбушга келяпти», бироқ бунга TikTok айбдор эмас.

«TikTok — бу майдон. Шу майдонга чиқиб ликиллаётганлар кимлиги — бу энди бошқа масала. TikTok`нинг ижобий томони кўп. Қанчадан-қанча истеъдодли ёшлар кўпчиликнинг қўлидан келмайдиган ажабтовур нарсаларни тармоққа олиб чиқишяпти. Бу билан бошқа ёшларга намуна бўлишяпти аслида», — деди журналист.

TikTok`ni ёмонотлиқ бўлаётганига сабаб, ўша ёшларнинг ота-онасида, ёшларга тарбия етишмаётганлигида, дея таъкидлади Хайрулла Нуриддинов.

«Агар кимнингдир наздида TikTok ёмон экан, келинг уни яхши қилайлик, уни фойдали қилайлик. Дэн Сяопин айтганидек, мушукнинг рангги қорами, оқми фарқи йўқ. Муҳими у сичқон тутишни билсин», — дея айтиб ўтди у.

Аввалроқ, «Адолат» СДП Ўзбекистонда TikTok тармоғини бутунлай блоклашни таклиф қилганди. Партия буни «ёш авлоднинг «тиктокер"лик васвасасида олаётган турли-туман видеолари орасида ўзгалар ҳаётига дахл қилувчи номақбул кадрларнинг ҳам кўпаяётганлиги» билан изоҳлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг сентябрида «Миллий тикланиш» партияси ҳам TikTok тармоғини блоклашни таклиф қилган эди. Декабрь ойида «TikTok Fest» шоу-концерти бекор қилиниб, Маданият вазирлиги тадбир ёшлар онги ва дунёқарашига салбий таъсир кўрсатишини айтган эди.

2021 йилнинг июль ойида TikTok, Twitter, Skype, «В-Контакте» ва WeChat ижтимоий тармоқлари фаолияти чекланган эди. Декабрь ўртасидан TikTok фойдаланувчилари тармоқ очилишни бошлаганини маълум қилишганди.

Ўтган йил декабрь ойида бўлиб ўтган Ёшлар форумида Тошкент ҳокими TikTok блокланиши ҳақида фикр билдирган эди.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

«TikTok масаласи бўйича бу битта платформа у ерда контентлари ҳар хил. Ҳамма ўзига керакли контентни олиб қарайди. Лекин минг афсуски, тақиқни қўйган одамлар кераксиз контентга кирганлиги кўриниб турибди. Агар керакли контентларга кирганда ҳеч қандай платформани зарари йўқ деб ўйлайман» — деганди пойтахт ҳокими.