Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқходжаев 20 декабр куни пойтахтда ўтган ёшлар форумида Ўзбекистонда TikTok ижтимоий тармоғининг чекланишига изоҳ берди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар қилди.

«TikTok масаласи бўйича бу битта платформа у ерда контентлари ҳар хил. Ҳамма ўзига керакли контентни олиб қарайди. Лекин минг афсуски, тақиқни қўйган одамлар кераксиз контентга кирганлиги кўриниб турибди. Агар керакли контентларга кирганда ҳеч қандай платформани зарари йўқ деб ўйлайман» — деди пойтахт ҳокими.

Русланбек Давлетов. Фото: Тошкент ёшлар форуми.

Форумда шунингдек, адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам ёшлар билан мулоқот қилиб, ижтимоий тармоқлар, хусусан, TikTok ва Twitter блокланишига оид саволларга жавоб берди.

«Чекловлар кўпайиб кетди дегани чекловлар бўлиши керак эмас деганини англатмайди. У ҳар доим мақбул даражада, ўзининг соҳасига қараб, қонундаги контекстдан келиб чиқиб бўлиши керак. Ижтимоий тармоққа келадиган бўлсак, мен ахборот алмашинуви эркинлиги тарафдориман. Бугунги асрда ахборотни ҳеч қачон чеклаб, сиз уни устига ўтириб, жиловлай олмайсиз», — деди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, ахборот алмашинувини чеклаш аҳолининг қолоқлигига олиб келади.

«Мана тарихдан ҳам ўрганинг. 1445 йилда Гуттенберг Германияда [босма нашр дастгоҳини] кашф қилган. Ўша пайтда у босма нашрнинг орқасидан озгина давр ичида кўплаб миллатларни саводини чиқарган… Усмонийлар империяси ўз давлатига Гутенберг дастгоҳини 18−19 асргача киритмаган. Натижада нима бўлди? Албатта, халқни [саводхонлик бўйича] қолоқликка олиб келди. Бу ёқда ахборот алмашиниб ётипди, унинг орқасидан XVI асрда саноат инқилоби бўлиб кетди. Саноат инқилобидан кейин у ҳамма нарсага таъсир қилди: флот, ишлаб чиқариш кучайиб кетди, меҳнат унумдорлиги ва рақобат ошиб кетди. Шунинг орқасидан Европа кучайиб кетди», — дея сўзлаб берди Адлия вазирлиги раҳбари.

Шунга қарамасдан, Русланбек Давлетов ноқонуний контент мавжудлигини ҳисобга олиш зарурлигини, бироқ, бу масалага қонун орқали эмас, балки аҳлоқ нуқтаи назаридан ёндошишга қаршилигини тан олди.

«Ахборот алмашиши керак, билим тарқалади. Лекин, ноқонуний контент ҳар доим бўлади. Масалан, бу нима? Терроризмга бошловчи, диний адоват уйғотувчи, порнография ёки ёшларга нисбатан зўравонлик ёки бошқалар. Буни ҳаммаси демократик жамиятларда [қонун билан] тартибга солинган. Бизни қонунларда ҳам бор. Қонун орқали ишласак, янглишмаймиз. Агар ким аҳлоқий нуқтаи назардан қараса, ҳаммада ҳар хил аҳлоқий стандарт бор. Биз кўп миллатли халқмиз, ҳамма бир хил аҳлоқий стандартга қараб яшамайди. Кийиниши ҳам, ейдиган овқати ҳам, ичадиган нарсаси ҳам бошқача. Шунинг учун аҳлоқий қоидалар билан ҳаммага бир хил қиламиз десак, ҳамманинг ҳуқуқини (бузиб) қўямиз. Албатта қаршиман бунақа нарсаларга», — деди вазир.

2020 йилги ёшлар форумида пойтахт ҳокими Ўзбекистонда тиктокерлар фаолиятини чеклаш керак эмаслини айтганди.

«TikTok ҳам ижтимоий тармоқлар, интернет оламининг бир қисмига айланиб улгурди. Уларни чеклаш эмас, балки тўғри йўлга солишимиз керак. Ўзбекистон демократик давлат бизга чеклаш ярашмайди. Уларни тўғри йўлга солсак, бугун арзимасдек кўринган ўша ёшлар эртага керакли инсонга айланади», — деган эди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Июль бошида «фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг қонуний талабларини» бузганлиги учун TikTok ижтимоий тармоғи фаолияти чекланганди. Унинг қаторида Twitter, Skype ва ВКонтакте ҳам «қора рўйхат»дан жой олганди. Ушбу ресурслар ҳануз VPN орқали ишламоқда.

Ўтган ҳафда TikTok фойдаланувчилари тармоқ очилишни бошлаганини маълум қилишганди. Бироқ, «Газета.uz» ходимлари текширганида — тармоқнинг мобил версиясида видеолар секин очилаётгани, веб-саҳифада эса умуман очилмаётганини аниқлаганди. Ҳар икки ҳолатда ҳам тармоқ VPN билан узилишларсиз ишламоқда.