28 январь куни Тошкент ҳайвонот боғида уч яшар қизини айиқлар вольерига ташлаб юборган ёш аёл психоневрологик диспансерда рўйхатга олинган, оилавий босимга учраган ва турмуш ўртоғи билан ажрашмоқчи бўлган. Бу ҳақда аёлнинг отаси Йўлдош Тўлаганов маълум қилди.

Унинг айтишича, қизи бундан 7−8 йил аввал турмушга чиққан. Қайнота вафотидан кейин оиланинг келинга муносабати ўзгарган.

«Қайнотаси оламдан ўтганидан сўнг турмушида муаммолар пайдо бўла бошлади… Қизим шамоллаб қолсаям қайнонаси, эри бизникига жўнатвораверди. Келинни одам ўрнида кўриб даволатиш деган нарса йўқ. Хўп, дедик, сабр қилдик. Ўзимиз даволатиб уйига қайтарворамиз. Кўп ўтмай яна қайтиб келиб узоқ вақт қолиб кетадиган бўлди. Қудаларимиз Мевазордаги ҳовлисини сотишгач, Сергелидан куёвимиз учун янги дом олишган. Лекин уй куёвнинг номига эмас, онасининг номига расмийлаштирилган. Янги уйда икки ойча яшашди холос. Кейин куёв хотинини кўчага қувиб солди», — дейди у Kun.uz нашрига берган интервьюсида.

Ота қизининг турмуш ўртоғи Россияда ишлагани, у билан ҳар доим ҳам боғланиш имкони бўлмаганини маълум қилди.

«Сергелидаги уйни берамиз, дейишди, лекин қайнонаси унга квартирантларни қўйибди. Унинг яшашга жойи йўқ ҳозир. Болаларни пропискага қўйишди, уникини эса йўқ. У бизда пропискада туради», — дея қайд этди у.

Йўлдош Тўлагановнинг айтишича, стресс ва руҳий носоғломлик туфайли қизи илк бор тахминан бир ярим йил аввал шифокорларга мурожаат қилган ва психоневрологик диспансерда рўйхатга олинган. У ҳар олти ойда бир марта мутахассисга ташриф буюриши керак бўлган.

«Оиласидаги келишмовчиликлардан кейин қизим стрессга тушиб қолгани учун уни даволатдик… Фарзандларим билан ҳеч қачон қўпол гаплашмаганман, фақат мулойимлик билан гапирганман. Улар эса (эрнинг оиласи — таҳр.) доимо бақирар экан — қайнонаси бақирган, эри эса калтаклаган, ўкинган. У эса бунақа нарсага ўрганмаган», — деди у.

Аёлнинг отаси турмуш ўртоғи унинг пулларини олиб қўйгани, ҳатто ноутбугини сотиб юборганини маълум қилди.

Шунингдек, қизининг олий маълумотли экани, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтини тамомлаган, магистратурада бошқа йўналишда таҳсил олганини маълум қилди.

«Келин бўлиб тушган пайтда магистратурага контрактга ўқишга кириб қолди. Шартнома пулини нима қиламиз, ада, деб мендан маслаҳат сўраганда, сен энди ўша ёқнинг одамисан, қайнотангга айтгин. Улар исташса сени ўқитишади. Бўлмаса ўқишингни йиғиштирасан, улар нима деса шу бўлади, деб айтгандим. Ўқишга кирганини қайнотасига айтган экан, у менга қўнғироқ қилди, келинимни ўзим ўқитаман, болаларимнинг ҳеч бири ўқимади, катта келинларим ҳам ўқимаган, аёлим ҳам олий маълумотли эмас, шу келинимни ўзим ўқитаман, сизлардан ҳеч нарса керакмас, бу нарсани ўйламанглар, деди раҳматли ва сўзининг устидан чиқиб, контракт пулини тўлаб қизимни ўқитди. Магистратурани тугатадиган йили қайнотаси ўтиб қолди. Шундан кейин оиладаги муҳит издан чиқиб кетди», — деди у.

Йўлдош Тўлагановнинг қайд этишича, қайнотасининг ўлимидан кейин қизини уйига жўнатишган. Кейинроқ эса магистратуранинг ярим йиллик тўлови тўланмагани маълум бўлган. Унинг ўзи шу пулни тўлаган.

Нашр маълумотларига кўра, тинч ҳаёт кечириш мақсадида эри билан ажрашиш учун фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган, бироқ турмуш ўртоғи суд мажлисида ажрашиш нияти йўқлиги, аксинча, фарзандларини етим қилишни истамаслигини айтган. Судья ажрим талабини рад этган ва эр-хотиннинг бирга яшамаётганини инобатга олмаган, отага болаларнинг таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини ҳам юклатмаган.

«Судда куёв ажрашмайман, болаларимни етим қилмайман, деб туриб олди. Йўқса хотинини ҳайдаб юборган ўзи, биз унинг оиласини бузиб, қизимизни олиб келганимиз йўқ», — деди ота.

Йўлдош Тўлаганов воқеадан бир-бир неча кун олдин эри Зилолага қўнғироқ қилиб, атайлаб руҳиятига таъсир қиладиган гапларни гапирганини маълум қилди. У айнан телефондаги суҳбатдан сўнг руҳиятида ўзгариш бўлган деб тахмин қилмоқда.

«У бизга ҳайвонот боғига бораётганини айтмади. Дорихонага чиқиб келаман деб кетганди… Шу воқеадан тўрт кун олдин куёв телефон қилиб асабига теккан. Ҳозирги ҳолингдан баттар қиламан деб айтган. Жинни бўлиб қолсанг ҳам сен билан ажрашмайман, уйда олиб ўтираман деб айтган. Бу гаплар унга қаттиқ таъсир қилган кўринади», — дейди у.

Ҳодисадан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари аёлнинг катта фарзанди — 6 яшар ўғли Дадахонни ҳам келиб олиб кетишган. Бола то тергов якунига қадар васийлик органи қарамоғида бўлиши айтилмоқда.

Маҳалла ва оила вазирлиги муносабати

Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси матбуот хизмати ОТМда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган аёл ҳозирда турмуш ўртоғи билан бирга яшамаётганлиги сабабли руҳий тушкунликка тушиб қолганини маълум қилди.

Бошқарма маълумотларига кўра, ажрим ёқасидаги мазкур оиладаги ҳолат «Янги Бунёдобод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н.Юлдашева, хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор О.Ашурова томонидан кўп бора ўрганилган, оилани яраштириш чоралари кўрилган.

«Фуқаро З.Т. 2021 йилда «Аёллар дафтари»га киритилган ва унга уй-жой ва ажрим масаласида зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. Шунингдек, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан унинг оиласига икки бор озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, аёлнинг ҳамкасблари ва яқинлари Kun.uz нашрига аёлнинг «аёллар дафтари»га киритилгани ёлғон эканини айтишган. Уларнинг сўзларига кўра, аёл уй-жой масаласида бир неча марта маҳалла фуқаролар йиғини, туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Лекин ушбу мурожаатларидан натижа бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентнинг Юнусобод тумани прокуратураси томонидан аёлга нисбатан мазкур Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми «в» банди (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Аёл ҳибсга олинган ва тергов давом этмоқда.

Қизчада баландликдан йиқилиш оқибатида очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши кузатилган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши, тиббиёт ходимлари назоратида, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.