Февраль ойининг ўрталаригача Ўзбекистонда қиш ўз ўрнини сақлаб қолади, вақти-вақти билан илиқ ва совуқ кунлар алмашиб туради. Ойнинг охирига келиб текисликларга баҳор келади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Ой нисбатан илиқ об-ҳаво билан бошланади. Февралнинг биринчи ўн кунлигида кечалари ҳарорат 0…+5 даража илиқ, баъзи жойларда -2 даража совуқ атрофида бўлади, кундуз кунлари ҳарорат +6…+8° илиқдан +12…+14° илиққача ўзгариб туради.

5 февралда шимолда, 6 февралда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Республика бўйича баъзи жойларда биринчи ўн кунликнинг энг охирида ҳам бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Кейинчалик Жаҳон прогностик марказларининг ҳисоб-китобларига асосланган ҳолда, Ўзгидрометнинг дастлабки баҳосига кўра, ҳаво ҳарорати кечалари 0…+5° илиқдан 0…-5 даражада совуққача, шимолда эса −8…−13 градус совуққача ўзгариб туради. Кундуз кунлари +10…+15 даража илиқдан +3…+8 гача илиши мумкин.

Ҳудудларнинг катта қисмида ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.

Ўзгидромет олдинги йилларда февраль ойида кузатилган об-ҳаво ҳароратини ҳам эслатиб ўтди.

2021 йил февраль ойининг ўрталарига келиб, ҳаво ҳарорати +23…+28 даража илиқ, жанубда ҳатто +32 градус илиқ қийматларига етди. Ойнинг охирига келиб, республика иқлими учун қаттиқ бўлган совуқ келди. Кечалари ҳаво −10…−12 даража совуқ, баъзи жойларда -15 даража совуқгача, шимолда −2…−22 даражада совуқ, Устюртда ҳатто бу кўрсаткич −23…−25 градусгача етди. Республиканинг энг жанубий вилоятларида ҳам кечалари ҳаво ҳарорати −4…−7га тенг эди.

Ўзбекистонда сўнгги йиллардаги энг совуқ февраль ойи 2014 йилда кузатилган. Ўшанда ўртача ҳарорат меъёрдан −5…−7 даража паст, ойнинг биринчи ярмида эса меъёрдан умуман −12…−15 даражага паст бўлган. Энг совуқ даврда ҳаво ҳарорати кечалари −14…−17 градус совуққача, кундуз кунлари эса −7…−10 градус совуққача пасайган.

Энг иссиқ февраль ойи эса 2016 йилда кузатилган. Бунда энг иссиқ даврларда ҳаво ҳарорати +23…+28 даражагача кўтарилди. Ўшанда февраль ойи нафақат иссиқ, балки энг қуруқ бўлган. Қишнинг ўша сўнгги ойида ёғингарчилик аномал кам миқдорда ёққан, Тошкентда меъёрдан атиги 3% ни ташкил этган.