Шахмат бўйича уч карра Ўзбекистон чемпиони, олти карра Осиё чемпиони ва беш карра Жаҳон чемпиони Жавоҳир Синдоров «Дарё» нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон шахмат федерациясининг эътиборсизлиги, фаолиятини эрта якунлаган шахматчилар ва федерацияни алмаштириш масаласи ҳақида гапирди.

Жавоҳир Синдоров 2018 йилда 12 ёш 10 ой 8 кунлик вақтида дунё шахмати тарихида иккинчи энг ёш халқаро гроссмейстерга айланган.

«2018 йилда шахмат тарихидаги энг ёш иккинчи гроссмейстерга айланганман. Бу натижага эришиш йўлида машаққатли меҳнат қилганман, жуда қийин бўлган. Профессионал шахматчи йилига камида 9 ёки 10 та халқаро мусобақада иштирок этиши керак бўлади. Бунинг бир ёки иккитаси Ўзбекистонда бўлиши мумкин, қолган барча мусобақалар чет элда бўлиб ўтади. Гроссмейстерлик унвонини қўлга киритиш учун йилига 9−10 та чет эл мусобақаларида қатнашишга тўғри келган. Бунга кетадиган харажатнинг барчаси оилам томонидан қопланган. Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан менга ҳеч қандай моддий ёрдам берилмаган», — дейди гроссмейстер.

Синдоров унвонни қўлга киритганимдан кейин уни Ўзбекистонда жуда яхши кутиб олишганини, унга президент томонидан уч хонали уй берилганини эслайди. Аммо шундан кейин ҳам шахмат федерацияси томонидан ҳеч қандай эътибор бўлмаганлигини таъкидлаб, «улар фақатгина федерация расмий сайтида мени табриклаш билан чекланди», дейди.

Жавоҳир Синдоров ўша йили олти кишидан иборат Ўзбекистон шахмат терма жамоаси билан 16 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги бутунжаҳон шахмат Олимпиадасига борганлигига ҳам тўхталди. У ерда жамоа Ўзбекистон тарихида биринчи марта Олимпиада чемпионлигини қўлга киритади.

«Бизни Тошкентда тантанали равишда кутиб олишди. Кейинроқ қатнашчиларга президент совғаси — автомобиллар топширилди. Лекин мен ва жамоадошим Ситора Сапарова ҳатто тақдирлаш маросимига чақирилмадик ҳам, қолган қатнашчиларнинг барчасига автомобиль совға қилинди. Федерация нима учун биз иккимиз маросимга чақирилмаганимизни изоҳсиз қолдирди», — дейди Синдоров.

Терма жамоа аъзолари 5 нафар, тақдирланганлар эса — 3 нафар. Фотоколлаж: Дарё

Ёш гроссмейтсер 2019 йилда Ёшлар Иттифоқи кўмагида Синдоров Жавоҳир Кубоги мусобақасини ташкил этганини таъкидлади. Мусобақада қўшни мамлакатлардан ҳам ёш шахматчилар қатнашган.

«Лекин негадир, айрим тенгдошларим бу мусобақада қатнаша олмади. Кейинчалик суриштирсак, шахмат федерацияси томонидан оғзаки тақиқ қўйилган экан», — дейди Жавоҳир.

Жавоҳир Синдоров унга ҳам бошқа шахматчилар каби чет эл федерацияларидан қатор таклифлар келганлигини айтади.

«Бироқ мен Ўзбекистон ўғлони сифатида ўз юртимни ҳимоя қилгим келади. Агар шахмат федерация томонидан бундай тўсқинликлар бўлаверса, у ҳолда Гулруҳбегим Тоҳиржонова сингари федерациямни алмаштиришимга тўғри келади. Аммо мен буни хоҳламайман. Шунчаки бизга ҳам озгина эътибор берилишини истаймиз».

Шахматчи Ҳиндистон федерацияси оддийгина мусобақага 70 нафар шахматчисини барча харажатларни қоплаган ҳолда юборганлигини эслайди. «Бу ерда эса туғишган укам Исломбек Синдоров олти карра Осиё чемпиони, икки карра Жаҳон чемпиони бўлишига қарамай мана шу эътиборсизлик сабаб фаолиятини муддатидан аввал якунлади», — дейди у.

«Бошқа федерацияларда йилига юзлаб мусобақалар ташкил этилади, Ўзбекистонда эса — битта халқаро мусобақа. Биз ўз даражамизни сақлаб туришимиз учун кўплаб мусобақаларда қатнашишимиз керак, уларнинг кўпи эса чет элда бўлади ва харажатларни ўзимиз қоплашимиз керак. Шу сабаб мен таниган кучли шахматчилар, гроссмейстерлар Темур Гареев, Антон Филиппов (Филиппов федерация эътиборсизлиги сабаб Қозоғистонга кетган), Темур Кўйбакоров ва бошқалар ўз федерациясини алмаштиришга мажбур бўлган. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жуда кўплаб ёш иқтидорлар ўсиб келмоқда. Агар улар ҳам эътиборсиз қолдирилса, худди укаларим ва бошқа кўплаб шахматчилар каби фаолиятини эрта якунлашга мажбур бўлади», — дея таъкидлади Жавоҳир.

«Дарё» нашри олдинроқ ўзбекистонлик шахматчи Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШнинг Миссури университети жамоаси шахмат ўйнаётгани ва энди халқаро мусобақаларда АҚШ номидан қатнашиши ҳақида хабар берган эди. Кейинчалик «Smartgov Consulting» раҳбари Азиза Умарова шахматчилар оиласи ва федерация ўртасидаги муносабат ҳақида пост қолдирган. Бунга жавобан федерация раддия билдирган. Кейинроқ опа-сингил шахматчилар Нафиса Мўминова ва Хулкар Тоҳиржонова Шахмат федерациясининг раддиясига муносабат билдириб, «Шахмат федерацияси устимиздан мағзава ағдарди» деганди.