UZIMEI мобил қурилмаларини рўйхатдан ўтказиш тизими — Ўзбекистонни олдинга эмас, балки орқага тортаётган кам сонли сиёсатлардан бири. Буни 30 январь куни Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош иқтисодчиси Винаяк Нагараж ўзининг Twitter`даги саҳифасида ёзиб қолдирди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу тизим якунига етказилмаган телекоммуникация ислоҳотлари Ўзбекистон трансформациясини чеклаётганини ёдга солиб турибди.

«Бошқа мамлакатларнинг тажрибасидан мобил телефонларни қандай қилиб самарали рўйхатга олиш ва „кулранг бозор“ муаммосини ҳал қилиш бўйича кўплаб дарслар олиш мумкин. Ҳозирги UzIMEI тизми фуқаролар, айниқса мамлакатда 30 кундан ортиқ вақт бўлаётган хорижликлар учун оғриқли муаммо», — деб ёзди у.

Винаяк Нагараж UzIMEI`ни «бюрократик ва ноқулай тизим» деб атади. У янги технологияларни жорий этиш ва IOT (The Internet of things)ни кенг қўллашга тўсқинлик қилиб турибди. Хусусан, IOT иқтисодиётнинг етакчи соҳаларида, хусусан, қишлоқ хўжалигида маҳсулдорликни оширишга хизмат қилади, деб ҳисоблайди у.


Фото: Vinayak (Vinny) Nagaraj / Twitter.

«Яна давом этишим мумкин эди, бироқ, бу бор йўғи менинг ҳар йиллик умидсизлигим ифодаси. Сизга маълумки, мен Ўзбекистоннинг салоҳияти ва ислоҳотлари борасида чексиз оптимистик қарашга эгаман. Қисқа вақт ичида жуда кўп нарсалар ўзгарди. Кичкина чивин шунча азоб беряпти — мана нима учун UzIMEI жуда қаттиқ ҳафа қилаяпти», — дея таъкидлади иқтисодчи.

Шуни куни аввалроқ, Davletovuz блоги муаллифи ҳозир қарийб барча мобил операторлар eSIM (смартфоннинг ўзига жойлаштирилган рақамли SIM-карта) хизматини кўрсатаётганини ёзганди.

«Яхши хизмат, аммо UzIMEI деган бало бор. Телефондаги SIM-картанинг IMEI рақами UzIMEIда рўйхатдан ўтган бўлса-да, eSIM`нинг IMEI кодини ҳам рўйхатдан ўтказиш, бунинг учун чет элга чиққан бўлиш ва 54 минг сўм тўлаш керак. Энг абсурд талаб бўлса керак. Инсоф беришсин. Бу аслида ўзи хато бўлган тизимнинг кичкина бир хатоси», — деганди у.

Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев ҳам IMEI-кодни рўйхатдан ўтказишда муаммога дуч келганини маълум қилди.

«Хориждан олиб келинган телефоним IMEI рақамини хорижга чиқиб келган бир ҳамкасбимнинг номига расмийлаштиришга мажбур бўлдим. У пайтда ҳали Ўзбекистонда eSIM йўқ эди, шу сабабли фақат битта слот учун рўйхатдан ўтдим. Кейин у ҳамкасбим узоқ бир вилоятга ишга ўтиб кетди», — дея сўзлаб берди у.

Унинг сўзларига кўра, eSIM пайдо бўлгач, ўша ҳамкасбининг номига eSIM слоти IMEI рақами учун тўлов қилиб, рўйхатдан ўтказишга қарор қилган, бироқ, буни онлайн амалга оширишнинг имкони мавжуд бўлмаган.

«Нима эмиш, қўшимча IMEI’ни рўйхатдан ўтказиш учун ўша одамнинг ўзи шахсан бориши керак экан. Агар eSIM бўлса, унда албатта телефонни ҳам олиб бориши керак экан. Менинг вазиятимда телефон Тошкентда, номига расмийлаштирилган одам эса узоқ вилоятда. Барака топгурлар, худди шу телефоннинг асосий IMEI рақами кимни номига расмийлаштирилгани базада кўриниб турибдику, яна ўша одамни овора қилишни нима кераги бор, онлайн ўтса бўлмайдими, десам, „йўқ, бўлмайди, офисимизга ўзи телефонни кўтариб келсин“ дейишди. Ташқарида 21 аср, Карл!», — деб ёзди Хушнудбек Худайбердиев.

Ҳуқуқшунос ушбу тизимни фуқароларга солинаётган икки карра «телефон» солиғи деб атади.

«Давлат ташкилотлари ўзи қилишга мажбур бўлган вазифаларни лозим даражада эплолмаётгани учун (масалан, чегарадан ноқонуний телефон ўтказмаслик, солиқдан қочишни олдини олиш, ўғриланган телефонларни топиш) халқнинг ўзидан яна солиқ олишади», — деди у.

Блогер шунингдек, мазкур тизим туфайли фуқароларнинг шахсий маълумотлари, паспорт нусхаларини ўғирлаш, одамлардан сўрамай уларнинг номига телефон рақамларни расмийлаштириш бутун бошли жиноий инсдустрияга айлангани эса ачинарли ҳолат эканлигини қайд этди.

Блогер ва адлия вазирининг тил бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова эса UZIMEI [оператори]нинг «бети қаттиқ» деб атади.

Унинг сўзларига кўра, шу тизимни деб қанча муаммолар — одамларга ноқулайликлар гулдастаси, шахсий маълумотлар ўғирлаб сотилиши ва бошқалар юзага келди.

«Хўш, шунинг эвазига тизим келтирган самара, фойда ҳақида нима биламиз? Фалонча телефон ноқонуний савдо қилинмади, деган маълумотларни пеш қилманглар. У вазифани бажаришингиз учун бюджетдан ойлик оласизлар, ресурслар ажратилади. IMEI кодлар рўйхатдан ўтказиш учун пул тўлаган истеъмолчи бунинг эвазига нима оляпти? Бевосита шу тўлаган пули учун нима хизмат кўрсатиляпти қўшимча?», — дея савол билан юзланган блогер.

Унинг фикрича, тизим бюджети эса ёпиқ, неча пул тушяпти, қаерга кетяпти — билиб бўлмайди. «Яна индамай туринглар, бир-икки кунда ўтиб кетади бу мавзу деб бошни қумга тиқиб олинглар. Лекин қачонгача ва қаергача борар экинмиз бу билан», — деб ёзди у.

У кейинги постида эса UZIMEI`нинг жавобини танқид қилган.

«Қўйилган биронта саволга жавоб йўқ, келтирилган аниқ фактлар қуруқ гап билан рад этилган, „ҳамма аҳмоқ, биз ақлли“, ҳаммаси жойида, муаммо йўқ, тинч ухланг дейишибди. Шунча пулни нима қиляпсизлар? Бетга яна бир қават чарм қоплашга сарфлаяпсизларми?», — дея яна бир бор савол билан юзланган Шаҳноза Соатова.

UZIMEI муносабати

UZIMEI оператори танқидларга жавобан Ўзбекистон ҳудудига расмий олиб келинган мобил қурилмалардан фойдаланишда ҳеч қандай муаммо мавжуд эмаслигини, чунки бундай мобил қурилмалар республика давлат чегарасини кесиб ўтганда божхона кўригидан ҳамда IMEI кодлари рўйхатдан ўтказилишини маълум қилди.

«Истеъмолчига ҳох SIM слот ёки eSIM слот рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди», — дейилади хабарда.

Тизим маълумотларига кўра, 2021 йилда республикага расмий равишда 3 млндан ортиқ мобил қурилмалар олиб кирилган, бу дегани шунча истеъмолчи харид қилган қурилмани рўйхатдан ўтказмайди.

«Бироқ норасмий (контрабанда) олиб кирилган қурилмалар истеъмолчиларга дард-у сард бўлад», — дея қайд этди оператор.

Республика бўйича хизмат кўрсатаётган UZIMEI тизим рўйхатга олувчиларига яъни чет элдан ўзи билан олиб келган қурилмаларни SIM слот ёки eSIM слот IMEI кодларини рўйхатга олиш бўйича UZIMEI веб-сайти, SMS ва USSD хизматлари орқали ёки ариза билан мурожаат қилиш мумкин. Лекин мобил қурилма ноқонуний йўл билан олиб келинган бўлса, уларнинг SIM слот ёки eSIM слот IMEI кодлари рўйхатга олинмайди.

Тизим оператори фуқароларга харид қилишдан олдин мобил қурилманинг IMEI кодларини UZIMEI веб сайти, SMS ва USSD хизматлари орқали текшириб кўришни тавсия қилди.

«Агарда „Ушбу IMEI 353**220 жисмоний шахснинг паспорт маълумотлари ёрдамида рўйхатдан ўтказилган. Паспорт эгасининг аризаси асосида рўйхатдан ўтказиш бекор қилиниши мумкин. Қурилмангизнинг жами 2 IMEI кодларини текширишни унутманг“, хабари олинса, унда қурилмани харид қилиш тавсия этилмайди», — дейилади хабарда.

Мобил қурилма Ўзбекистон ҳудудида харид килинган бўлса, унда IMEI кодларни рўйхатдан ўтказиш учун сотувчи жавобгар бўлади.

Мобил қурилма жисмоний шахслар томонидан олиб келинган ва бир слотига тегишли IMEI коди рўйхатга олинган бўлса, ушбу қурилманинг иккинчи SIM слоти ёки eSIM слоти IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш мобил қурилма эгасининг тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига шахсан мурожаат қилган ҳолда, шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қилиши асосида амалга оширилиши белгиланган.

«SIM слот ёки eSIM слотини руйхатдан ўтказишда ҳам муаммо мавжуд эмас, бугунги кунга қадар 2 млнтадан зиёд иккинчи SIM слот ёки eSIM слот муаммосиз рўйхатга олинган. Мобил қурилмаларнинг eSIM IMEI кодларини „Ўзбекистон почтаси“ АЖ, „Uzmobile“ филиали ва „COSCOM“ МЧЖ мобил алоқа компанияларига мурожаат этган ҳолда рўйхатдан ўтказиш мумкин», — дейилади хабарда.

«Ўзбекистонда бўлиб турган чет эл фуқаролари роуминг хизматидан фойдаланишлари мумкин, агарда маҳаллий мобил алоқа операторлари хизматларидан фойланилса тизим руйхатга олувчисига мурожаат қилган ҳолда рўйхатдан ўтказишлари мумкин», — дейилади компания хабарида.

IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш пунктларида ўзига тегишли бўлган телефондан фойдаланиш учун яна тўлов қилиш кераклигидан норози бўлган чет элликларни кўриш мумкин. «Газета.uz» мухбирлар хорижликлар шу каби ноқулайликлар сабаб Ўзбекистонга бошқа ҳеч қачон келмасликларини таъкидлаганига гувоҳ бўлишган.

Шунингдек, UZIMEI оператори мазкур тартиб дунёнинг бир қанча давлатларида жумладан, Ҳиндистон давлатида 2009 йилдан жорий этилганини, бироқ бугунги кунгача клонланган (бир хил IMEI-кодли) мобил қурилмаларни эркин савдога чиқарилишига чек қўйилмаганини қайд этди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳудудида IOT қурилмаларини руйхатдан ўтказиш талаб этилмайди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрида АКТ вазири Шерзод Шерматов бошчилигида яқин келажакда амалга оширилаётган лойиҳалар қаторида мобил телефон рақамларини кўчириш тизими лойиҳаси кўриб чиқилганди. Шундан келиб чиқиб, IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини истеъмолчилар учун янада осонлаштириш йўлларини топиш кераклиги айтилганди. «Бунинг учун барча чораларни кўриш зарур», — деганди вазир.