2021 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонга 22 та лойиҳа орқали қарийб 690 млн доллар (607 млн евро) сармоя киритди. Бу ҳақда банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон кетма-кет иккинчи йил Марказий Осиёдаги ЕТТБ маблағларидан энг кўп фойдаланувчи давлат бўлди.

Банкнинг бу маблағлари қайта тикланувчи энергия манбалари ёрдамида энергия ишлаб чиқариш, «яшил» кредитлар, мамлакатдаги асосий инфратузилмани янгилаш ва кичик бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган. Ўзбекистонга йиллик инвестиция киритиш бўйича аввалги рекорд 2019 йилда қайд этилган бўлиб, ЕТТБ мамлакат иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги 13 та лойиҳа орқали 575 млн доллар (517 млн евро) ажратган эди.

«ЕТТБ 2018 йилдан буён учинчи марта мамлакатга рекорд даражадаги инвестиция киритганини маълум қилмоқда ва бу муваффақият, асосан, шу ердаги жамоамизнинг саъй-ҳаракатлари туфайлидир. Пандемия билан боғлиқ юзага келган қийинчиликларга қарамай, мен бу юртда муҳим натижаларга эришишда қилган меҳнатимиз ва қатъиятимиздан жуда фахрланаман», — дея таъкидлади ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос

Ташкилотнинг 2021 йилги асосий фаолияти доирасида унинг Ўзбекистонга кам углеродли йўналишларни ривожлантириш ва 2050 йилгача энергетика тармоғининг углероддан холи бўлишига кўмаклашаётгани айтилди. Шу билан бирга, банк ва Ўзбекистон ҳукумати иссиқхона гази эмиссиясини камайтириш ва мамлакатнинг иқлим ўзгаришига нисбатан Барқарорлик стратегиясини тайёрлаш ҳамда уни Париж келишувига мослаштириш бўйича келишувга еришилган.

Банкнинг Ўзбекистонга сармоялари

ЕТТБ Самарқанд шаҳри яқинида 100 МВт қувватга эга фотоэлектр қуёш электростанциясини қуриш ва ишга тушириш учун 21,8 млн евро сармоя ажратди. Мамлакатдаги қайта тикланувчи энергия бўйича хусусий секторга оид дастлабкилардан бўлган бу лойиҳа ҳозирда асосан қазилма ёқилғига ишловчи электр станцияларига таянувчи энергетика соҳасини диверсификация қилишга ёрдам беради.

Банк Наманган вилоятининг сув таъминоти ва канализация инфратузилмасини яхшилаш учун 70 млн доллар миқдорида кредит ажратган. Бунинг натижасида Наманган вилоятида 170 минг киши тоза сувдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши айтиб ўтилган.

Шунингдек, банк ва Самарқанд шаҳри маъмурияти шаҳарда углеродсиз электр автобуслари хизматини жорий этишга кўмаклашиш мақсадида «Яшил шаҳар» ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олди.

Ташкилот Ўзбекистондаги рақамли молия соҳасининг мустаҳкамланишига ҳисса қўшиши баробарида мамлакатдаги илк рақамли «TBC Bank» акциядорлик тижорат банкининг 20 фоиз улушини сотиб олди.

Шунингдек, ЕТТБ Урганч шаҳрида ўзининг учинчи минтақавий ваколатхонасини очди.

Шу билан бирга, банк Яшил иқтисодиётни молиялаштириш дастури (GEFF) доирасида «Hamkorbank» АТБ ва «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг яшил технология ечимларига сармоя киритаётган кичик хусусий сектор компанияларидан бўлган мижозларини қўллаб-қувватлаш учун мос равишда 10 млн доллар ва 25 млн доллар миқдорида кредит ажратган.

ЕТТБ ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Hamkorbank» ўртасида имзоланган рискларни тақсимлаш механизми асосида «SEEM» тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компанияси ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Tillo Domor» хусусий корхонаси каби маҳаллий компаниялар фаолияти мустаҳкамлангани қайд этилди.

Банк Ўзбекистон пахта саноатига йирик хорижий инвестиция киритган. Жумладан, пахта ва бошқа алмашлаб экилувчи экинлар етиштирувчи «Indoramo Agro» қишлоқ хўжалиги корхонасига 60 млн доллари йўналтирган.

ЕТТБ маҳаллий «Nika Pharm» МЧЖ фармацевтик корхонаси ва минтақадаги ягона шиша тола ишлаб чиқарувчи «Ecoclimat» қўшма корхоналарининг ҳар бирига 5 млн доллари миқдорида кредит ажратган.

2021 йилда ЕТТБ Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жойлашган кичик ва ўрта бизнес корхоналари (КЎБК) билан 49 та лойиҳани амалга оширди. Банк ўзининг кредитлаш воситалари ва маслаҳат хизматлари орқали 600 дан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектларига ёрдам берилганини маълум қилди. Аёллар бошчилигидаги бизнесни қўллаб-қувватловчи консалтинг лойиҳалари улуши 2020 йилдаги 33 фоиздан 45 фоизгача ошган.

Бугунги кунга қадар, ташкило Ўзбекистон иқтисодиётига 106 та лойиҳа орқали 2,85 млрд евродан кўпроқ сармоя киритган.

2021 йилда ЕТТБ ўзи фаолият кўрсатувчи ҳудудларида банкнинг яшил иқтисодиётни молиялаштириш ҳажми рекорд даражадаги 5,4 млрд еврога етган. Бу рақам банкнинг жами амалиётлари ҳажми — 10,4 млрд евронинг 51 фоизини ташкил этган.