Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) олий даражадаги делегацияси биринчи вице-президент Юрген Ригтеринк раҳбарлигида жорий йилнинг 7−9 июнь кунлари расмийлар ва бизнес доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда банк матбуот хизмати «Газета.uz» га хабар берди.

ЕТТБ делегацияси мамлакат пойтахти Тошкентда Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири ҳамда ЕТТБ бошқарувчиси Сардор Умурзоқов, шунингдек Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров билан учрашувлар ўтказади. Учрашувлар давомида ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича янги бошқарувчи директори Жужанна Ҳаргитаи ҳам иштирок этади.

Ташриф давомида жаноб Ригтеринк, Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида жойлашган Урганч шаҳрида ЕТББ янги минтақавий ваколатхонасининг очилиши маросимини ўтказади. Шунингдек, у инфратузилма ва молия сектори лойиҳалари бўйича битимларни имзолайди ва экологик жиҳатдан хавфсиз чора-тадбирларни тарғиб этадиган ва 2050 йилгача Ўзбекистон карбонат ангидриди борасидаги нейтраллигини таъминлашга ёрдам берадиган бир нечта ташаббусларни ишга туширади.

ЕТТБнинг биринчи вице-президенти мамлакатдаги ЕТТБ бизнес ҳамкорларининг олий даражадаги раҳбарияти, йирик халқаро инвесторлар ва халқаро молия муассасаларининг мамлакатдаги вакиллари билан учрашади.

2020 йилда ЕТТБ COVID-19 пандемияси сабабли Ўзбекистонда вужудга келган муаммоларга жавобан миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги 18 та лойиҳа доирасида 521 млн доллар (429 млн евро) ажратди. ЕТТБ маблағлари мамлакатнинг банк сектори ва кичик хусусий фирмаларнинг молиялаштириш имкониятларини қўллаб-қувватлаш, асосий инфратузилмани модернизация қилиш ва қайта тикланувчан энергия манбаларини ривожлантиришга сарфланди.

Бугунги кунга қадар ЕТТБ 92 та лойиҳа доирасида Ўзбекистон иқтисодиётига 2 млрд евродан ортиқ маблағ киритди.