Европа тикланиш ва тараққиёт банки Наманган вилоятининг сув таъминоти ва канализация инфратузилмасини яхшилаш учун 70 млн доллар миқдорида кредит ажратади. Бу ҳақда «Газета.uz» га банк матбуот хизмати хабар берди.

ЕТТБ томонидан молиялаштириладиган йирик реабилитация дастури доирасида Ўзбекистон шарқида жойлашган Наманган вилоятининг Чуст, Наманган ва Поп туманларида, яшовчи 170 мингдан ортиқ аҳоли тоза ичимлик сувидан доимий фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Маблағлар «Наманган Сув Таъминоти» минтақавий сув таъминоти корхонаси фойдасига берилади. Ушбу маблағлар вилоятдаги еттита қишлоқ аҳоли пунктларига (Чортоқ, Чуст, Жумашуй, Қизил Равот, Поп, Тошбулоқ ва Уйғур) хизмат кўрсатувчи сув олиш иншоотлари, тарқатиш станциялари ва тармоқлари, сув қувурлари ва сув тозалаш иншоотларини қуриш ва таъмирлашни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Чуст ва Жумашуй қишлоқларида оқова сувларни тозалаш иншоотлари, канализация насос станциялари ва тармоқларини қуриш учун сарфланади. Мазкур лойиҳага Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳам 14 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган.

Сармоя 115 мингга яқин янги истеъмолчиларга сув таъминоти тармоқлари хизматларидан фойдаланиш имконини беради. Янги инфратузилма туфайли исроф бўлувчи сув ҳажми йилига 0,6 миллион кубометрга камаяди. Наманган вилоятида 170 минг киши тоза сувдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади, дейилади хабарда.