Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Халқаро молия корпорацияси (IFC) Лондон фонд биржасида рўйхатга олинган Грузиянинг TBC Bank Group шўъба корхонаси ҳисобланган TBC Bank Uzbekistan (TBC UZ) акцияларини сотиб олмоқчи. Бу ҳақда ЕТТБ матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

ЕТТБ ва IFC’нинг ҳар бири TBC UZ’нинг 20% гача бўлган акцияларни сотиб олишни режалаштирмоқда. Шундай қилиб, халқаро молия институтлари Ўзбекистон банк секторида хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга кўмаклашиш ниятида.

2022−2024 йиллар мобайнида TBC UZ капиталини қўллаб-қувватлаш учун инвесторларнинг ҳар бири 9,4 миллион доллардан маблағ ажратади.

TBC — Ўзбекистондаги биринчи рақамли банк ҳисобланади. Банк 2020 йил октябрь ойида фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда банкнинг иккита smart-филиали ва мамлакатнинг 12 шаҳрида мижозлар билан ишловчи 34 та алоқа пункти мавжуд. Банк 630 мингдан ортиқ чакана савдо фойдаланувчиларига инновацион молиявий маҳсулотларни тақдим этади.

TBC UZ бош ижрочи директори Вахтанг Бутсхрикидз ЕТТБ ва IFC билан биргаликда иш олиб бориш банкнинг мамлакатдаги ўсишини тезлаштириш имконини беришини таъкидлади.

«Бу 2017 йилда ЕТТБнинг мамлакат билан ҳамкорлиги янгилаганидан буён Ўзбекистон банк секторига биринчи сармоя киритилиши ҳисобланади. TBC бир неча ўн йиллар давомида бизнинг узоқ муддатли ва ишончли ҳамкоримиз бўлиб келган. Биз унинг Ўзбекистонда кенгайишини қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз ва шу билан маҳаллий банк секторида хусусий капитал улушини кўпайтирамиз», — дея таъкидлади ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос.

Шунингдек, IFC’нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Вибке Шлёмер қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: «IFC TBC’нинг бутун Ўзбекистон бўйлаб инновацион ва технологик ечимларга асосланган банк хизматларини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бу сармоялар банк секторида хусусий сектор иштирокининг улушини ошириш орқали Ўзбекистон банк секторидаги рақобатбардошликни оширишга қаратилган стратегиямизнинг бир қисмидир».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгриянинг OTP Bank банки «Ипотека-банк»даги давлат улушининг 75 фоизини сотиб олиши хабар қилинганди.