«Газета.uz» 2022 йил 1 февралдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Балиқ етиштирувчиларнинг фойда, ер ва мол-мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилади

Президентнинг [ПҚ-83-сон] қарорига мувофиқ, 1 февралдан фуқароларўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйиши мумкин.

Қолаверса, ушбу санадан бошлаб 2025 йилнинг 1 январигача балиқчиликни интенсивлаштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва технологиялар (аэратор, бассейн, автокормушка, УЗВ) ҳамда қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, бироқ даромадининг 80 фоизидан ортиғини ушбу ускуналарни ишлаб чиқаришдан оладиган субъектлар учун фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади.

2. Давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича рейтинг жорий қилинади

Президент [ПҚ-81-сон] қарори билан 1 февралдан эксперимент тариқасида ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган 26 та давлат ташкилотлари фаолиятида коррупцияга қарши курашиш бўйича рейтинг баҳолаш тизими жорий қилинади. 2022 йил 1 июлдан эса барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади.

3. Ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилади

Президент [ПҚ-57-сон] қарорига кўра, 1 февралдан бошлаб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда барча ҳудудлардаги касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар чоракда қисқа муддатли курслар ташкил этилади.

Бунда, қисқа муддатли курсларнинг ўқув дастурлари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни инобатга олган ҳолда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ҳамда Ўзбекистон карлар жамияти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.

4. С1 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига 2 йил давомида устама тўланади

Ҳукумат [34-сон] қарори асосида 1 февралдан таълим тили рус тили бўлмаган умумтаълим муассасаларда (синфлар) ишлаётган С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига сертификат олинган кундан бошлаб 2 йил давомида устама тўланади. Бунда устама ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида бўлади.

Бунда рус тили бўйича Test of Russian as a Foreign Language (TORFL) халқаро сертификатининг C1 даражаси, «Тест по русскому языку как иностранному» (ТРКИ) халқаро сертификатининг ТРКИ 3 даражаси, «Тест по русскому языку как иностранному» халқаро сертификатининг С1 даражаси ҳамда Common European Framework of Reference (CEFR) методикаси бўйича С1 даражадаги сертификатлар ўзаро мувофиқ ҳисобланади.

5. Электрон тўлов чекларида ҳам фискал белгиларни мажбурий акс эттириш талаби ўрнатилади

Президент [ПҚ-5252-сон] қарори билан 2022 йил 1 февралдан бошлаб тўлов ташкилоти, тижорат банкларининг электрон тўлов хизматлари (шу жумладан мобил иловалар орқали), шунингдек, электрон тижорат платформалари — «Маркетплейс"-ларнинг ахборот тизимлари ёрдамида масофадан туриб амалга оширилган савдо ва пуллик хизматлар бўйича транзакция-ларнинг («P2P», кредит тўловлари бундан мустасно) электрон чекларида солиқ органлари ахборотлар тизимларига интеграциялашган ва автоматик тарзда шаклланувчи фискал белгиларни мажбурий акс эттириш талаби ўрнатилсин.

6. Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига давлат бюджетидан ҳар ой қўшимча трансфертлар ажратилади

Президент [ПФ-52-сон] фармонига кўра, молия вазири Тимур Ишметовга 2022 йил 1 февралдан 2023 йил 1 январга қадар Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳар ойда 2,5 млрд (жами 27,5 млрд) сўм миқдоридаги қўшимча трансфертлар Давлат бюджетидан ажратилишини таъминлаш юклатилган.

7. Ҳокимларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари экология ва кўкаламзорлаштириш масалаларига ҳам масъул бўлади

Президент [ПҚ-76-сон] қарорига асосан 1 февралдан бошлаб вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилиб, қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ташкил этилади.

Тошкент шаҳри ва унинг туманлари ҳокимларининг архитектура, капитал қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими тугатилиб, қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими киритилади. ВМ аппарати тузилмасидаа 3 нафар ходимдан иборат бўлган Экологик назорат бўлими ташкил этилади.

8. Маҳаллий фармацевтларга маҳсулотларни хорижда рўйхатдан ўтказиш ҳаражатларининг 75 фоизи қоплаб берилади

Президент [ПФ-55-сон] фармони мувофиқ, 1 февралдан маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 75 фоизи Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилади. Бунинг учун улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиш керак бўлади.

9. Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги нодавлат таълим ташкилотларига имтиёзлар берилади

Ҳукумат [34-сон] қарори билан 2024 йил 1 январгача Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида фаолият юритадиган нодавлат таълим ташкилотлари:

  • бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларининг 50 фоизигача қисмини қоплаб бериш тартиби жорий этилади;
  • вазирлик ва идоралар тизимидаги коллеж ва техникумларда фаолиятини амалга оширганида ижара тўловидан озод этилади (сақлаш ва коммунал тўловлар бўйича харажатлар бундан мустасно).