ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўзбек-қирғиз давлат чегараси ҳудудида жойлашган уйлардан бирида хуфиёна жойга яшириб қўйилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган 436 дона Redmi Note 10s уяли телефон аппаратлари борлиги аниқланди, деб хабар берди ЎзА.

Контрабанда маҳсулотлари Фарғона туманида истиқомат қилувчи, Қ. У.нинг (1977 й. т.) яшаш хонадонидан топилган ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Фото: ЎзА

Терговга қадар текширув давомида Қ. У. умумий қиймати қарийб 935 млн сўмни ташкил этувчи мазкур телефон аппаратларини келгусида сотиш мақсадида Қирғизистон фуқаросидан олганлиги маълум бўлган.

Ҳозирда Қ. У.га нисбатан Жиноят Кодексининг 182-моддаси (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.