Марказий банк «Пул-кредит сиёсатининг 2022 йил ва 2023−2024 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари» дастлабки концептуал лойиҳасида тартибга солинадиган нархларни (энергетика ресурслари, коммунал хизматлар ва бошқалар) эркинлаштириш бўйича режаларни маълум қилди.

«Газета.uz» маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилнинг февраль-март ойларида электр энергияси ва газ тарифларини оширишни режалаштирган эди. Апрель ойида молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов коронавирус пандемияси ва аҳоли даромадларининг пасайиши шароитида энергия нархларини либераллаштириш номаълум муддатга қолдирилганини маълум қилди.

Эндиликда бу чора-тадбирлар Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон иқтисодиётини келгуси уч йилга мўлжалланган асосий ва муқобил сценарийларида ўз ифодасини топди.

Асосий сценарийда 2022 йилда бирданига ёки 2022−2023 йилларда босқичма-босқич «нархларни қўйиб юбориш» режалаштирилган. Ушбу чора-тадбирлар амалга оширилгач, инфляция даражаси 2022 йилда 8−9 фоизни ташкил этиши, 2023−2024 йилларда эса 5 фоизгача пасайиши кутилмоқда, чунки «нарх ўзгаришининг маъмурий тартибга солинадиган товар ва хизматларга таъсири камаяди».

Иқтисодиётнинг 2022 йил биринчи ярмидаги салоҳияти, тартибга солинадиган нархларни либераллаштириш ва ташқи инфляцион хатарларни ҳисобга олган ҳолда, пул-кредит сиёсати шартлари «нисбатан қаттиқ» бўлиб қолади.

Бундан ташқари, тартибга солинадиган нархлар бир вақтда либераллаштирилган тақдирда, пул бозорида 2−3 фоиз атрофида реал фоиз ставкаларини (ҳақиқий фоиз ставкалари амалдаги инфляция даражасидан ташқари) шакллантириш чоралари кўрилади. Ва тарифларни босқичма-босқич ошириш танланса, бу кўрсаткич 4−5% гача оширилади.

Ушбу қарорнинг оқибатлари вақтинчалик бўлиши ва иқтисодиётда реал фоиз ставкаларининг сезиларли ўзгаришига олиб келмаслиги кутилмоқда. Марказий банк пул-кредит сиёсати бўйича аҳолига ҳар томонлама тушунтиришлар бериш орқали инфляцияни жиловлаш чораларини кўради.

Муқобил сценарий шароитида эса макроиқтисодий ривожланишни шакллантириш тартибга солинадиган нархларни либераллаштиришни келгуси йилларга (2023 йилдан кейин) кечиктиришни талаб қилади. Натижада, 2022 йилда бош инфляция 7,5−8,5 фоиз, 2023 йилда эса тахминан 5,6−6,6 фоиз даражасида прогноз қилинмоқда.

2024-йилда пул-кредит сиёсати қарорларининг муҳим омилларидан бири тартибга солинадиган нархларни либераллаштириш жараёни бўлади.

Сценарийлар

МБнинг қайд этишича, ташқи ва ички шароитларнинг келгусидаги ўзгариши бўйича ҳали ҳам юқори ноаниқликлар сақланиб қолаётганлигини инобатга олиб, ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозларни ишлаб чиқишда икки хил сценарий асосидаги ривожланиш кутилмаларига таянилди. Бунда, ташқи ва ички омилларнинг макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсир кўлами ва давомийлигини инобатга олиб ўрта муддатли макроиқтисодий ривожланишнинг асосий ва муқобил сценарийлари ишлаб чиқилди.

Ушбу сценарийларни ишлаб чиқишда ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришлар, халқаро молия институтларининг жаҳон иқтисодиёти бўйича прогнозлари ва асосий экспорт товарлари нархлари, асосий савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатлардаги кутилаётган вазиятлар ва ички иқтисодий шароитдаги эҳтимолий тенденциялар ҳисобга олинди.

Шарт-шароитлар

Таъсир этувчи омиллари ва каналлар

Асосий сценарий

Муқобил сценарий

Пандемия билан боғлиқ вазият

Пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлашиб боради, вакциналаш мувафаққиятли давом эттирилади

Вируснинг янги штаммлари пайдо бўлиши туфайли карантин чоралари локал тарзда яна кучайиш эҳтимоллари ошади

Ташқи талаб

Ташқи фаолликнинг тикланиши фонида асосий савдо ҳамкорларда ташқи талаб ортиб, экспорт ҳажмлари ўсиб боради. Жаҳон иқтисодиётида 2022 йил ва ундан кейинги йилларда ХВЖ базавий сценарийси бўйича ўсади

Логистика ва инсон ҳаракатланишида қийинчиликларнинг сақланиб қолиши экспорт ҳажмлари ўсиш суръатига салбий таъсир кўрсатади. Жаҳон иқтисодиётида 2022 йилда яна пасайиш кузатилиши мумкин

Пул ўтказмалари ҳажми узоқ йиллик тренд доирасида ўсувчи динамикага эга бўлади

Пул ўтказмаларида 2022 йилда ўсиш динамикаси кузатилмайди, 2023−24 йилларда ўсиш секин суръатларда тикланади

Нефт нархи 2022 йилда юқори даражада сақланиб қолади (бензин нархига ташқи босим маълум даражада сақланиб қолади)

Нефт нархи 2022 йилда пасаювчи динамикага эга бўлади (ички бозорда бензин нархига пасайтирувчи таъсир кўрсатади)

Асосий савдо ҳамкорлар валюталарида кескин ўзгаришлар кузатилмайди. Миллий валюта курси нисбатан барқарор шаклланиб, реал самарали алмашув курсига нисбатан кучли босим юзага келмайди ва РСАК узоқ муддатли тренд доирасида шаклланади

Ташқи қарз юкининг ортиши, нефть нархининг пасайиши ва бошқа салбий омиллар таъсирида асосий савдо ҳамкорлар валюта курслари юқори суръатларда қадрсизланиши мумкин. Бу, ўз навбатида, реал самарали алмашув курсининг тренддан узоқлашишига олиб келади

Олтин нархи

Олтиннинг хавфсиз актив сифатидаги роли 2022−2024 йилларда босқичма-босқич пасайиб боради

Олтиннинг хавфсиз актив сифатидаги роли сақланиб қолиб, 2022 йилда ўсувчи динамикага эга бўлади, 2023 йилдан пасайиб боради

Ташқи молиявий шароитлар

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 2022−24 йилларда босқичма-босқич сезиларли ўсиб боради.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларда 2022 йилда ўсиш кузатилмайди ва 2023−24 йилларда секин тиклана бошлайди

Жаҳон иқтисодиётининг тикланиши билан ривожланган давлатларда 2022 йил иккинчи ярмидан пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш фазасига ўтилади ва молия бозорларида фоиз ставкалари босқичма-босқич ошиб боради

2022 йилда ҳам ривожланган ва ривожланаётган давлатларда жорий пул-кредит сиёсати шароитлари сақланиб қолади ва уни нисбатан қатъийлаштириш 2023−2024 йилларга кечиктирилади

Иқлим ўзгариши, ҳосилдорлик даражаси

Асосий озиқ-овқат нархлари индекси (ФАО) 2022 йилда пасаяди ва 2023−2024 йилларда узоқ муддатли тренди атрофида шаклланади. Товарлар етказиб берилиши ва логистикасидаги узилишлар тикланади. Иқлим ўзгаришлари таъсирлари минималлашади ва ишлаб чиқариш ошиб боради.

Асосий озиқ-овқат нархлари индекси (ФАО) 2022 йилда ўсувчи динамикада бўлади, 2023−2024 йилларда бироз пасайиши мумкин. Етказиб бериш, логистика ҳамда экиш даврида меҳнат ресурсларида қийинчиликлар, иқлим ўзгаришларининг таъсирлари сақланиб қолади ва мослашувчанлик ўзгармайди.

Ички шароитлар ва ялпи талаб

2022 йилдан фискал консолидация бошланади. 2023−2024 йилларда умумий фискал дефицит босқичмабосқич пасайиб боради.

2022 йилда ҳам фискал рағбатлантириш сақланиб қолади. Умумий фискал дефицит ҳажми 2022 йилда 2020 йил даражасида бўлиши мумкин.

2022 йилнинг биринчи ярмида ЯИМ тафовути тўлиқ ёпилади ва 2023 йилда иқтисодиёт ўзининг потенциал даражасига етади

Иқтисодиётда реал даромадларнинг тикланиши ортга сурилади. 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигигача ЯИМнинг салбий тафовути сақланиб қолади, иқтисодий ўсиш ўзининг потенциали даражасидан паст бўлади

Молиявий барқарорлик шароитлари

Кредитлар қолдиғининг ўсиши номинал ЯИМ ўсиш даражасида бўлиб, юқори қайтувчанлик даражаси сақланиб қолади

Кредитлар қолдиғининг ўсиши номинал ЯИМ ўсиш даражасида бўлсада, кредитларнинг қайтувчанлик даражаси 2021 йил даражасидан пасайиши мумкин. Умидсиз қарзлар (NPL) салмоғи ошиб бориши мумкин

Таркибий ислоҳотлар

1) Тартибга солинадиган нархлар 2022 йилда бир мартада тўлиқ ёки 2022−23 йиллар давомида босқичма-босқич эркинлаштирилади

Тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш масаласи кечиктирилиб, 2023 йилдан кейинга қолдирилади

Саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги таркибий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилади.


Ташқи савдо шартлари халқаро стандартларга босқичмабосқич мослаштириб борилади. Иқтисодиётдаги ва импортдаги концентрациялашув даражаси босқичма-босқич пасайтирилади.

Ички бозорнинг ҳар бир соҳасида рақобат ошиб боради. Амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар ҳисобига иқтисодиётда меҳнат унумдорлиги ва инвестициялар самарадорлиги ошиб бориб, иқтисодий ўсишни таъминлашда молиявий ва капитал омилларига нисбатан сифат ўзгаришлари омилларининг роли ошиб боради.

Ислоҳотлар асосан соғлиқни-сақлаш тизимида давом эттирилади, иқтисодиёт соҳаларида таркибий ислоҳотларни амалга ошириш суръатлари бироз секинлашиши мумкин.

Иқтисодиётдаги ва импортдаги концентрациялашув даражаси ошиб боради ва натижада, ички нархлар ташқи бозорлардаги нархлардан юқори даражада бўлиши мумкин