Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 2021 йил давомида хорижда ҳалок бўлган 518 нафар фуқаронинг жасадини ўз ватанига олиб келишга кўмаклашган. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Шу даврда хорижда оғир аҳволга тушиб қолган 321 нафар фуқаро ҳам ватанига қайтарилган.

Агентлик томонидан 7534 нафар меҳнат муҳожирига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган, 358 нафари хостелга вақтинча жойлаштирилган, хорижда оғир жароҳат олган 17 нафар муҳожирнинг тиббий харажатлари қоплаб берилган.

Шунингдек, хориждаги меҳнат муҳожирларининг 8811 нафарига агентлик томонидан ҳуқуқий, 295,1 минг нафардан кўпроғига маслаҳат хизматлари, 6283 нафарига ижтимоий ва 13,4 минг нафарига моддий ёрдам кўрсатилган.

Бундан ташқари, агентлик томонидан меҳнат муҳожирларига иш берувчилардан қарийб 984,1 минг АҚШ доллари миқдорида иш ҳақи ва пул компенсацияси тўланиши таъминланган.