20 январь куни Шавкат Мирзиёев «Заковат» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Мазкур ҳужжатда 2021 йил октябрь ойида давлат раҳбарининг Бухоро вилояти Ромитан туманида «Заковат» интеллектуал ўйинида иштироки давомида билдирган таклифлари акс этган.

Жумладан, «Янги Ўзбекистон боғи»га туташ ҳудудда «Заковат интеллектуал ўйинлари клуби» учун алоҳида бино ҳамда «Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси» барпо этилади. Мазкур бинолар Ёшлар ишлари агентлигининг балансида бўлади.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчи ёшлар ва талабалар учун йил давомида ҳар ойда бериладиган «Заковат» стипендияси жорий этилади.

2022 йилдан бошлаб, босқичма-босқич умумий ўрта, Президент, ўрта махсус ва профессионал ҳамда олий таълим муассасаларида «Заковат» интеллектуал клублари фаолияти йўлга қўйилади ҳамда ҳудудлардаги Ёшлар марказларида интеллектуал ўйинлар жамоалари учун алоҳида хоналар ташкил этилади.

2022 йилдан бошлаб ҳар йили талабалар ўртасида Интеллектуал олимпиада ташкил қилинади. Унда умумжамоа ҳисобида дастлабки учта ўринни қўлга киритган олий таълим муассасасига Ўзбекистон президенти совғаси топширилади.

Интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда ОТМ талабалари таълимнинг кейинги босқичига базавий тўлов-контракт асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади.

таълим муассасаларида ташкил этилган «Заковат» интеллектуал клубларининг координатори бўлган профессор-ўқитувчиларга меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизи миқдорида бир марталик устама тўлаб берилади.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили апрель ойида «Интеллектуал ҳафталик» тадбири ўтказиб борилади. Ëшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларга мотивация бериш мақсадида машҳур олимлар, жумладан, Нобель мукофоти соҳиблари билан учрашувлар ташкил этилади.

«Заковат» ва бошқа интеллектуал ўйинларининг ҳудудий ва республика босқичи ғолибларини ўз мутахассислиги бўйича кадрлар захирасига олиш ҳамда раҳбарлик лавозимларига тайинлаш амалиёти йўлга қўйилади.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Ёшлар оромгоҳи»да мавсумий ишлайдиган «Интеллектуал мактаб» лойиҳаси йўлга қўйилади.

Интеллектуал турнирлар ташкил қилиш, билимдон ёшларни рағбатлантириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган компьютер ва мобиль ўйинларни яратган дастурчиларга грант ва субсидиялар ажратиш мақсадида 2022 йилда 50 млрд сўм миқдорида, кейинги йилларда асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ давлат бюджетидан маблағ ажратилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 12 октябрь куни «Заковат» интеллектуал ўйини фаол иштирокчиларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Ҳужжат Бухоро вилоятида чўлдаги сайёҳлик кластерида финал ўтказилган жойнинг ўзида имзоланганди.

Ўтган йилнинг январь ойида дастур ёпилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси васийлик кенгаши раҳбари Комил Алламжонов ўйинни ўз оталиғига олганини маълум қилди. Февраль ойида Адлия вазирлиги «Заковат» интеллектуал клубини нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказди. Янги форматдаги биринчи «Заковат» турнири март ойида бўлиб ўтган эди.