Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни «Заковат» интеллектуал ўйини фаол иштирокчиларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжат Бухоро вилоятида чўлдаги сайёҳлик кластерида финал ўтказилган жойнинг ўзида имзоланди. Давлат раҳбари тадбирга вилоятга сайловолди сафари доирасида ташриф буюрди. Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) бош директори ўринбосари Хушнудбек Худойбердиевнинг маълум қилишича, президент биринчи марта фармонни жамоатчилик ҳузурида имзолади.

Фото: t.me/xushnudbek.

Фармон билан Навоий вилояти жамоаси устидан ғалабани қўлга киритган Хоразм вилояти жамоасининг олти аъзоси мукофотланди. Гурлан туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Жуманов Беҳзод Турсунбаевич, Урганч шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор Ходжаев Навруз Азаматович, «Ишонч» дўконлар тармоғининг Хива филиали бошқарувчиси Ходжаев Ферузбек Кахрамон ўғли «Келажак бунёдкори» медали, Хива шаҳридаги Президент мактабининг информатика фани ўқитувчиси Маткаримов Азамат Хурматович, Хива шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор Тажиев Жамоладдин Нурлаевич ҳамда Хоразм Маъмун академияси раисининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Ҳасанов Шодлик Бекпўлатович «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Бундан ташқари, «Заковат» интеллектуал клуби нодавлат нотижорат ташкилоти директори Абдуллаев Абдурасул Муминович «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан мукофотланди.

Улар ўзининг юқори интеллектуал салоҳияти, иқтидор ва изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва етакчилиги билан ёшларни чуқур билим олишга, илм-фан сирларини эгаллашга ундаб келаётгани, улар ўртасида соғлом илмий-маърифий рақобат муҳитини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш ва ривожлантириш, буюк аждодларга муносиб бўлган баркамол авлодни вояга етказишда фарзандларга алоҳида ўрнак ва намуна бўлаётгани, «Заковат» интеллектуал клубининг қизғин ва муросасиз баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритгани ҳамда профессионал билимдонлар сафини кенгайтиришга катта ҳисса қўшаётгани учун мукофотландилар.

Шавкат Мирзиёев ўйин ғолиблари ва клуб раҳбарини саҳнанинг ўзида мукофотлади.

«Заковат» финал ўйинлари ва гранд финали 9−12 октябрь кунлари бўлиб ўтди. Унда деярли 300 киши қатнашди: 11 та вилоятдан 44 та жамоа ва Тошкент ва Тошкент вилояти ҳамда Самарқанддан 2 та ғолиб жамоа.

«Заковат» ўйини (машҳур «Нима? Қаерда? Қачон?» дастурининг муқобили) ўтказилаётганига 20 йилдан ошди. У дастлаб «Ёшлар» телеканалида, сўнгра «Ўзбекистон», кейин «Миллий» каналида эфирга узатилган.

Январь ойида дастур ёпилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, Миллий масс-медиани қўллаб -қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси васийлик кенгаши раҳбари Комил Алламжонов ўйинни ўз оталиғига олганини маълум қилди. Февраль ойида Адлия вазирлиги «Заковат» интеллектуал клубини нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказди. Янги форматдаги биринчи «Заковат» турнири март ойида бўлиб ўтди.