Фото: «Газета.uz»
Дўстлик боғи учун кураш
Ҳокимият ва фуқаролар ўзаро тил топишиш учун
нималар қилмоқда?
Дўстлик боғи реконструкцияси Тошкент учун ҳокимият ва фуқароларнинг бир-бирлари билан тил топишишга уринишлари кўрсаткичига айланди. Бир неча йиллик қаровсизликдан сўнг боғ қайтадан очилди, бироқ унда кўплаб камчиликлар мавжудлиги кўриниб қолди. Кўнгиллилар боғда, барибир, шикастланган дарахтлар борлигидан шикоят қилмоқда. Туман ҳокимлиги кўчат етиштириш учун икки сотих ер ажратиб беришни ваъда қилмоқда. Ҳокимлик боғни тадбиркорларга бермай, халққа қолдириш ваъдасини бажаришга интилмоқда. Кўнгиллилар паркни ривожлантиришга сармоя киритишга тайёр инвесторларни қидирмоқда. Кўнгиллилар қандай боғни кўришни хоҳлайдилар, туман ҳокими бу ҳақда қандай фикрда ва боғни реконструкция қилишда пудратчилар қандай хатоларга йўл қўйганлигига «Газета.uz» мухбири Сабина Бакаева аниқлик киритди.
Бобур боғи – менинг болалигим боғи. Музнинг синган овози ва тўрт ёшли укамнинг унинг остига тушиб кетганини эслайман. Бу «Капалак» кўлида содир бўлган эди. 2003 йилнинг қиши. Бронхлар саратонига чалинган дадам кўлга тушиб, болани чиқариб олган эди. Икки йилдан кейин у вафот этди. Дадам Тошкентнинг қандай қилиб боғларсиз қолгани ва кўпригу машиналар шаҳрига айланганини кўрмади. Бу шаҳар учун саратондек эмасми?

Ўтган йилнинг октябрь ойида эндиликда «Дўстлик» номини олган боғ таъмирлаш ишлари тугалланмаганига қарамай, реконструкциядан сўнг очилди. Бир неча йил давомида у сармоядорни кутиб, қаровсиз ҳолда турди. Боғни қайта тиклаш бўйича бир қанча концепциялар кўриб чиқилди, бироқ уларнинг ҳеч бири туман аҳолиси билан муҳокама қилинмади. 2021 йил баҳорида Тошкент шаҳар ҳокимлиги истироҳат боғи пойтахтга қайтарилгани, шаҳар маъмурияти фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда уни қайта тиклашини маълум қилди.

Аҳоли томонидан айтилган боғга қўйиладиган асосий талаблар: мунтазам суғориб туриладиган кўпроқ дарахтлар ва яшилликлар, велосипед йўлларидан ажратилган пиёдалар йўлаклари, ўриндиқлар, фавворалар, спорт майдончалари, қайиқли кўл, скейтбордлар ва роликлар учун майдон, бепул кириш, ҳеч қандай аттракционларнинг бўлмаслиги ва бошқалар.

Аввал-бошда боғ 16 гектар майдонда жойлашган бўлиб, Бобур, Шота Руставели ва Братислава кўчалари орасидаги ҳудудни эгаллаган эди. Бугунги кунда унинг майдони 4 гектарга камайди. Ҳудуднинг бир қисмида Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети қаршисида автотураргоҳ, Пушкин хиёбони ҳамда гул бозори пайдо бўлди.

Бундан ташқари, охирги йилларда Братислава кўчасида 10 қаватли турар-жой биноси пайдо бўлди, Шота Руставели кўчасидаги «Бухоро» кафеси ўрнида ҳам кўп қаватли уй қурилмоқда. Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов «Газета.uz»га берган интервьюсида тадбиркорнинг тўрт қаватни қуришга рухсати борлигига қарамасдан, бугунги кунда у ерда беш қаватли бино барпо этилгани сабабли қурилишни тўхтатганини таъкидлади. Тадбиркор қурилишни давом эттириш учун ҳужжатларни ола оладими, бу – очиқ савол.
Яқинда қурилиш муносабати билан собиқ «Сиэтл» кафесининг бутун ҳудуди ҳам ўраб олинган эди. Декабрь ойи охирида Tashkent Retrospective Telegram-каналида Туркистон ўлкаси генерал-губернатори Константин фон Кауфманнинг дачаси «Дўстлик» боғи ҳудудида жойлашган вақтларда муассаса яқинида унинг даврида қурилган ертўла бўлганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Ушбу хабарга муносабат билдирган Анвар Сайфутдинов мазкур участка тадбиркорга 2008 йилда ажратилганини айтди. Энди уни боғ балансига қайтаришнинг иложи йўқ.
«Маданият вазирлиги вакиллари қани?»,– дея сўради ҳоким тарихий бино йўқотилгани ҳақида сўзлар экан.
Унинг қўшимча қилишича, боғ ҳудудидаги XIX асрда қурилган ва аввал ҳайвонот боғининг бир қисми жойлашган бинолардан бирига ҳам Маданият вазирлиги ҳеч қачон эътибор қаратмаган.
Видео манбаси: «ЭКОВОЛОНТЕРЫ INDIGO» Facebook гуруҳи.
Архитектура фанлари доктори, Туризм ва спорт вазирлиги Маданий мерос агентлиги илмий-эксперт кенгаши аъзоси Абдуманоп Зияев «Газета.uz»га берган интервьюсида ертўланинг оддий, кичик ва капитал бўлмаган иншоот бўлганлигини таъкидлади. Ертўла мавжуд бўлган йиллар давомида унинг кўриниши бир неча бор ўзгартирилган ва кенгайтмалар билан тўлдирилган. Худди шундай бинолар ҳозирги Марказий экопарк жойлашган собиқ Тошкент ҳайвонот боғи ҳудудида ҳам бўлган. Уларнинг бир қисми пахсадан қурилган. Мутахассиснинг айтишича, фон Кауфман даврида давлат хизматчилари пишиқ ғиштли капитал биноларда камдан-кам яшаган. Унинг сўзларига кўра, ертўла ҳеч қачон моддий маданий мерос объектлари реестрига киритилмаган. Ушбу рўйхатга фақат инқилобдан олдинги капитал бинолар киритилган, аммо ҳаммаси ҳам эмас.

Ёзда озиқ-овқат сақлаш учун ертўлага эга бўлган кичик айвонли уй. Абдуманоп Зияевнинг сўзларига кўра, қишда ертўланинг махсус ўрасига муз бўлаклари тўпланган ва бу ёзнинг жазирама кунларида ҳам салқин ҳароратни сақлаб тургани учун бино «музлик» деб ҳам аталган. Сурат, эҳтимол, XIX аср охирида олинган.

Фото: Абдуманоп Зияев

Тошкент тарихшуноси Борис Голендернинг фикрича, ертўланинг тарихий аҳамияти йўқ эди, чунки бино боғ мақсадига эга бўлиб, ундан хизмат биноси ҳамда дам олиш мақсадида фойдаланилган.
«Иншоот қизиқарли ва қимматли архитектура элементларига эга эмас эди», – дея қўшимча қилади Борис Голендер.
реклама
реклама
«Сиэтл» боғи қурилиши бошланганидан сўнг ертўла шу номдаги кафенинг бир қисмига айланди. Бугун ушбу кафе пешлавҳаси Яккасарой туманининг собиқ маданият маркази базасида («Аквамарин» сув ҳавзаси ва «Сиэтл» боғи ўртасида жойлашган) очилган «Сиэтл» музейи киришига илиб қўйилган.

Собиқ кафе пешлавҳаси илинган «Сиэтл» музейи

Фото: «Газета.uz»

Замонавий ёдгорлик – Америка шаҳри аҳолиси томонидан «Сиэтл» боғи қурилиши пайтида қўйилган капсула панжара билан ўралган кафе ҳудудида қолди. У сақланиб қолганми, боғ ҳудудига кўчириладими – номаълум.

Капсула Сиэтлнинг географик координаталари ўйиб ёзилган бронза медальонли тош объектидан иборат эди. Тошкент координаталари бўлган худди шундай нусха АҚШда ҳам бор, деган эди боғни реконструкция қилиш лойиҳаси муаллифлари ёзги пресс-тур чоғида.
Фото: «Газета.uz»
Ушбу тақдимот жараёнида лойиҳа менежери Нуриддин Сагатов боғга кириш еттита дарвоза орқали бўлишига ишонтирган эди: Бобур ва Братислава кўчаларидаги марказий дарвозалар, Шота Руставели кўчасидаги дарвозалар, Ўзбек тили ва адабиёти университети ёнидан иккита ва Сеул боғи ва «Сиэтл» кафеси орқасида биттадан.

Охирги дарвозанинг яна очилиши даргумон. Бугун боғга марказий дарвоза ва Сеул боғи орқали кириш мумкин. Туман ҳокими Анвар Сайфутдиновнинг айтишича, Бобур ва Братислава кўчаларидаги дарвозаларга назорат-ўтказиш пунктлари кабиналари ўрнатиш режалаштирилган. Эҳтимол, кириш фақат улар орқали амалга оширилади.
реклама
реклама
Анвар Сайфутдиновнинг айтишича, истироҳат боғини реконструкция қилиш учун 20 млрд сўм ажратилган. Бу пулларнинг катта қисми «ер остида», деди ҳоким бутун боғ ҳудудини қамраб олиши, бироқ йўлакларни сув босмаслиги учун қайтадан ишлаб чиқишга тўғри келган муҳандислик-коммуникация ва суғориш тизимлари қийматини назарда тутган ҳолда. Аввалига қурувчилар буни ҳисобга олишмаган ва шу боисдан майсазорларнинг бир қисми қамраб олинмаганлигича қолаётганди.

Суғориш

Фото: «Газета.uz»

«Индиго» ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш жамияти кўнгиллиларининг «Газета.uz»га таъкидлашича, суғориш тизимини ўрнатиш вақтида ишчилар дарахтларнинг илдиз тизимига зарар етказган. Бундан ташқари, дарахтларга шакл бериш саводсизлик билан ва мавсумийликни бузган ҳолда амалга оширилган, шунингдек, кўп йиллик дарахтлар кесилган.
Анвар Сайфутдиновнинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда (юқоридаги видеода) боғга оид бўлмаган дарахтлар кесилаётгани акс этган. Шу билан бирга, туман раҳбари видеоёзувларда акс этган боғ дарахтларига шакл беришдаги хатолар ва уларнинг илдиз тизимига зарар етказилганини тан олди. Унинг қўшимча қилишича, боғнинг 8,5 гектар майдони – суғориш зонаси. Бундай катта майдон ва дарахтлар кўп бўлган ҳолатда илдизларни четлаб ўтиш қийин.
Илдиз тизимига зарар етказишга мажбур бўлдик. Лекин биз бунақа бўлишини хоҳламагандик.
Видеода боғга оид бўлмаган дарахтларнинг кесилиши кўрсатилган деяпсиз, чунки бу ернинг боғ ҳудуди эканлиги тушунарсиз. Бироқ видеода кўрсатилган илдиз тизимининг шикастланиши ва нотўғри шакл бериш ҳолатларининг боғ ҳудудида тасвирга олинганини тан оляпсиз. Ваҳоланки баъзи видеоларда бу ҳақиқатан ҳам боғ ҳудуди эканлиги аниқ эмас.
Мен дарахтларни кесишни тақиқлаганман. Нима учун уларни кесиш керак экан?

Чинорлар

Фото: «Газета.uz»

«Индиго» жамиятининг кўнгиллиларидан бири Павел Волков дарахтларнинг кейинги тақдиридан хавотирда. Унинг фикрича, илдиз тизими, бу – ўсимликларнинг асоси.

«У танасидан ҳам муҳимроқ, – дейди кўнгилли. – Агар илдиз тизими шикастланса, дарахт албатта касал бўлишни бошлайди ёки ўлади. Дарахт кесилган тақдирда ҳам, тўнкасининг атрофидан новдалар чиқиши мумкин. Кесилган кекса ва соғлом дарахтларнинг илдизларидан чиққан новдалар ёш кўчатларга қараганда тезроқ ўсади».

Павел Волков дарахтларнинг шикастланган илдиз тизимини сунъий равишда тиклаб бўлмаслигини таъкидлайди. Бунга ёрдам бериш учун сиз ўсимликларни ўғитлашни синаб кўришингиз мумкин, аммо дарахтларнинг ўзини қандай тутишини олдиндан айтиб бўлмайди.

Кўнгиллиларнинг айтишича, боғдаги кекса дарахтларнинг деярли барчаси касалланган. Бу реконструкция доирасидаги ободонлаштириш хизмати ходимлари, шунингдек, республикани ободонлаштириш бўйича «Яшил макон» дастурини амалга ошириш жараёнида турли давлат ташкилотлари томонидан бу ерга экилган ёш кўчатлар учун хавф туғдирмоқда. Кўнгиллиларнинг сўзларига кўра, ташкилотлар саводсизларча ва ҳисобот учун дарахт экишган.

Дўстлик боғидаги «Гидроэнергетиклар хиёбони» стеласи.

2021 йил 26 ноябрда «Гидролойиҳа» акциядорлик жамиятининг 90 йиллигига бағишлаб ўрнатилган

Фото: «Газета.uz»

Кўнгиллиларнинг айтишича, улар боғнинг яшил фондини даволашмоқда. Дарахт зарар кўрмаслиги учун кесилган жойлар махсус аралашма билан қопланиши керак. Улар аралашмани ўзлари тайёрлайдилар. У куйдирилган тупроқ, сўндирилган оҳак, мис купороси, рух оқартмаси ва кулдан таркиб топган. Ушбу аралашма қўлланганидан сўнг дарахт ишлов берилган қисмлар ёмғир ва қордан ҳимоя қилиниши учун ташқи сув эмульсияси билан қопланади. Тошкент ботаника боғининг «Газета.uz»га маълум қилишича, дарахтларга ишлов беришнинг бундай усули ҳақиқатан ҳам самарали.

Кўнгиллиларнинг сўзларига кўра, кўплаб дарахтлар пўстлоқхўр қўнғизлар билан ҳам зарарланган. Бундай ўсимликларга ўлик қобиғи олиб ташланганидан сўнг, формалин ёки аммиак билан ишлов берилади.
Бир қанча дарахтларнинг «малҳам» суртилган яраларида бажарилган ишлар хотираси учун расмлар пайдо бўлди. Бу кўнгиллиларнинг иши. Келгусида улар ушбу лойиҳага ижодкорларни жалб этишни режалаштирган. Кўнгиллилар хоҳловчилардан келгусида ҳамкорлик қилиш учун улар билан боғланишларини сўрамоқдалар. Буни Facebook орқали амалга ошириш мумкин.
Фото: Nazima Davletova / Facebook
Фото: Nazima Davletova / Facebook
Фото: Nazima Davletova / Facebook
Фото: Nazima Davletova / Facebook
Кўнгиллилар ўсимликларни парваришлаш учун жиҳозларни аввал кутубхона жойлашган бинода сақлайдилар. Бино туман ҳокими топшириғига кўра боғ маъмурияти томонидан ажратилган. Анвар Сайфутдиновнинг айтишича, ҳокимлик томонидан ўсимликлар учун дори-дармонлар ҳам харид қилинган ва кўнгиллиларга топширилган.

Дўстлик боғи директори Суннат Қиличев «Газета.uz»га кўнгиллилар билан биргаликда боғ ўсимликларини парваришлаш хизматини жорий этиш режалари ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, ушбу хизмат ходимлари Тошкент ботаника боғи ва ҳайвонот боғида катта тажрибага эга бўлган Павел Волков томонидан ўқитилади.
реклама
реклама
Павел Волков бута турлари танланиши борасида ҳам ўз хавотирини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу ерда Тошкент об-ҳаво шароитига мос келмайдиган заҳарли оқ олеандер ва хурмо пальмалари учрайди. Суннат Қиличев кўп йиллар ободонлаштириш хизматида ишлагани, ўсимликлардан хабардорлигини айтди. Боғда заҳарли буталар йўқ, деди у.

Шунингдек, кўнгиллилар ҳокимликдан кейинчалик боғнинг яшил фондини тўлдириш учун Сеул боғи ортидан кўчат етиштиришга икки гектар ер ажратишни сўрашди. Анвар Сайфутдинов уларнинг илтимосини қаноатлантириш бўйича кўрсатма берган, бироқ ҳалигача участка ажратилмаган.

Кўнгиллилар боғда қушлар уячалари ва мушуклар учун бошпаналар ўрнатишни режалаштирмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, ҳозир мушуклар собиқ кутубхона биноси ёнидаги кўп асрлик чинорлар тешигида яшайди.

Боғдаги юз йиллик чинорлар

Фото: «Газета.uz»

Павел Волков «Газета.uz»га кўнгиллилар Сеул боғини корейс диаспораси маблағлари ҳисобидан ободонлаштириши мумкинлигини таъкидлади, диаспора аъзолари шундай истакни билдирган. Жамият вакили Геннадий Шин «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда ҳозир Сеул мэриясининг совғаси ташландиқ ҳолда эканини айтди. Дўстлик боғи таъмирланаётган вақтда Корейс маданият марказлари уюшмаси ўз тадбирларини ҳеч қаерда ўтказолмай қолган.
«Менга бу боғ билан боғлиқ вазият ёқмаяпти. Сеул мэрияси шундай яхши объектни совға қилди. Совғалар яхши ҳолатда сақланиши керак», – деди Геннадий Шин.
Кўнгиллилар томонидан корейс диаспораси вакиллари билан биргаликда тайёрланган Сеул боғининг концепцияси лойиҳасида 2 гектарга яқин боғ ҳудудини ободонлаштириш таклиф этилади. Лойиҳада пиёдалар ва велосипед йўлаклари, фаол ва пассив дам олиш зоналари, вақтинчалик ва доимий савдо объектлари, умумий овқатланиш шохобчалари, очиқ саҳна, хўжалик иншоотлари ва ҳайвонларни сайр қилдириш жойлари ташкил этиш назарда тутилган. Ландшафтни тош, ёғоч ва малакали кўкаламзорлаштиришдан фойдаланган ҳолда анъанавий корейс парки маданиятига тўлиқ мослаштириш таклиф этилади.

«Корейс боғи ҳудудининг чекланган қисмида кўп даражали перспектива (манзарани борича тасвирлаш санъати – тарж.) усулларидан фойдаланилади, бу эса макон иллюзиясини ҳосил қилади. Бу ерда тош ва сув табиат устидан ҳукмронлик қилади, ўсимликлар эса унинг ҳошиясидир. Боғ инсон қўли билан яратилганига қарамай, у худди табиат томонидан яратилгандек табиий кўриниши керак», — дейилади концепция лойиҳасида.
Геннадий Шин Сеул боғида бу барча инфратузилма аллақачон мавжуд эканлигини таъкидлади. Лекин уни қўллаб-қувватлаб туриш керак ва боғни молиялаштириш учун «инвестиция қилишга тайёр одамлар бор», лекин уларга сармоявий кафолатлар керак. Гап камида 5 миллион доллар ҳақида кетмоқда, дейди Геннадий Шин.
«Бизнинг таклифимиз шундай эдики, агар бюджетда пул бўлмаса, инвесторга таклиф қиламиз. Ва менежмент учун жавобгарликни ўз зиммамизга оламиз. Биз 5 миллион доллар таклиф қиламиз. Максималистлар бор – ё ҳаёт, ё мамот. Улар ҳамма нарсани бизнесга беришга тайёр. Боғ бўлиши учун бизнеснинг бўлиши зарур, деяпмиз».

Ҳокимликка бюджет учун бундай юк керак эмас, дея ишонч билдиради Геннадий Шин.

«Муаммо биттага бўлса ҳам камайсин. Ҳокимлик шаҳардаги ҳар бир квадрат метрга бизнес деб қарамоқда», – дейди у.
Одамлар боғ халқники бўлишини хоҳлагани учун биринчи инвесторга рад жавобини берган бўлсам, яна нега боғни инвесторга беришим керак? — деб сўрайди туман ҳокими Анвар Сайфутдинов. Инвестор 5 миллион доллар таклиф қилади. У бу пулларни қандай қилиб чиқариб олади? У 5 та ресторан қурмоқчи.
Ҳеч ким ресторан, меҳмонхона қуринг деяётгани йўқ. Бизнеснинг зарурий даражаси, бу – ҳисоб қийматидир. [Ҳоким] барча ишлар жамоатчилик билан келишилишини айтди. Бошқа томони бор. Жамоатчилик ҳам ҳар хил бўлади: ҳеч қандай тижорий нарса керак эмас. Қанақасига? Ҳожатхоналар-чи? Мени биринчи навбатда ҳожатхоналар ва болалар учун енгил овқатланиш қизиқтиради. Ҳожатхона тоза бўлиши учун пул тўлаш керак. Кимдир уларни қуриш учун сармоя киритиши керак. Умумий овқатланиш жойлари – бетонли ҳеч нарса керак эмас. Вақтинчаликка қандайдир миллийча конструкциялар керак – ҳар ҳолда Дўстлик боғи. Паркни сақлаш учун бюджет маблағлари етарли эмас. Ўсимликлар сотиб олиш, экиш, суғориш. Ҳозир буни мутахассис бўлмаганлар қиляпти. Пашанинг ажойиб жамоаси бор. Улар жангга тайёрлар... Ёзги болалар майдончаси, саҳна маданий тадбирлар ўтказиш учун идеал жой. Бахтиёр аканинг тажрибаси бор.
реклама
реклама
Бахтиёр Ҳамидов — театр ва телевидение режиссёри, Ўзбекистон Давлат академик рус драма театрининг собиқ бош режиссёри. Унинг фикрига кўра, Дўстлик боғида дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳафта давомида ўтказиладиган йиллик халқаро кўча театрлари фестивали ўтказилиши мумкин.
«Мен ёзги саҳнани реконструкция қилиш шарти билан шундай таклифни илгари сурдим. Уни қандайдир замонавий тарзда жиҳозлаш керак, – дейди Бахтиёр Ҳамидов. – Ҳокимлик ва Маданият вазирлигига расмий хатлар юбордик. Учрашув сўрадик. Бу қандай амалга оширилишини батафсил тушунтирган бўлардим: нима учун Бобур боғи, у республика ва шаҳар имиджи учун нима беради».

Бироқ унинг сўзларига кўра, режиссёрнинг таклифига давлат органларидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.

«У ерда нима бўлиши ҳеч кимни қизиқтирмайди. Одамлар учун кўнгил ёзиш ва дам олиш муҳити йўқ. Менга энди бу қизиқмас», — деди у.

["Дам олиш"] деган сўз бор, бу сўз ниманидир англатади. Менинг назаримда, маданият ва истироҳат боғи одамлар дам олишлари учун шундай шароит яратиб бериши керак. Ҳеч бўлмаганда битта боғ боғ бўлиб қолиши керак. Икки набирам билан Тельман боғида миллион сўм ташлаб чиқаман. Горький боғи (Тошкент курантлари ортида – таҳр.) ўлди ва ҳозир Халқ банкига тегишли, “Мэжик сити” ҳақида гапирадиган гап йўқ. «Сквер» ҳақида мен умуман жим тураман. Бу оғриқ ҳақида гапиришнинг фойдаси йўқ. Дўстлик боғи қисман қурилишлар учун берила бошланди. Шаҳарсозлик – бу фан ва ижтимоий лойиҳа. У ерда бизнесменларга иш йўқ.
Бу бизнесменлардан нимангиз билан фарқ қиласиз?
Боғни бизга беришларини сўрамаяпмиз. Айтмоқчиманки, шартнома асосида инвесторимиз ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмайди. Улар инвестор сўзини эшитиб, инвесторнинг сўзи бўлади деб ўйлашади. Гап қўшма фаолият ҳақида бормоқда, ҳар бир қадам келишилиши керак. Фойда 50 га 50.
Фойда олиш учун аввало ўзингизнинг 5 миллион долларингизни қайтариб олишингиз керак.
5 миллион долларни қандай чиқариб олишимизни ўтириб гаплашиш керак. Менинг вазифам – инвестор топиш. Инвестор билан гаплаша олишим учун мен қуйидаги саволга жавоб беришим керак: уларнинг инвестициялари қандай ҳимоя қилинади? Жавоб беришим учун ҳокимлик ёки боғ маъмурияти билан келишиб олишим керак. Умуман олганда, пулни назорат қилиш ва ҳисобга олиш боғга топширилиши керак, шунда барча молиявий оқимлар боғдан ўтади ва боғ инвесторга маблағнинг 50 фоизини беради.
Давлатни инвестордан қандай ҳимоя қилиш ҳақида ўйлаб кўрдингизми?
Қандай қилиб инвестор давлатни алдаши мумкин? Ахир бу бюджет лойиҳаси эмас
Дарахтларни кесиши мумкин
Боғга инвестиция киритаётган одам шунчаки тадбиркор эмас. Уларнинг ғоялари, принциплари бор. Мен Ўзбекистон томониман, инвестор томони эмас. Мен тошкентликман, ўз боғим учун курашаман... Ҳозир давлат қандайдир қарор қабул қилишини кутамиз. [Ҳокимликка] назорати ҳокимликнинг ўзида бўлган 5 миллионлик сармоя таклиф қилишяпти. Ҳеч бўлмаганда қандайдир тарзда жавоб бериш мумкин, ҳеч бўлмаганда рад этиш мумкин.
Боғга сармоя киритилишини «Меценатлик тўғрисида»ги қонун асосида бўлишини кўриб чиқаяпсизми?
Меценатлик – бу хайрия, маданият ва санъатга ихтисослашган йўналиш.
Дўстлик боғи – маданият ва истироҳат боғи.
Ҳа, лекин биз дам олиш шароитларига, кейин эса маданиятга эътибор қаратдик. Бу қайтариладиган инвестициялар мавзуси. Биз, масалан, барбир рассомлар павильонини қилишимиз мумкин. Лекин [қонунни қўллаш] механизми йўқ. Ҳеч қандай қонуний асос йўқ. Ҳар қандай ҳолатда, шартнома керак, мулоқот бўлиши керак. Аммо бошқа томондан, сукунат.
Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов шаҳар ва унинг аҳолиси ўз олдига қўйган асосий мақсад – боғни халқ боғи сифатида сақлаб қолишга эришганини таъкидлади. 2010 йилдан мамлакатдаги маданият ва истироҳат боғларининг бошқаруви уларнинг ўзларига топширилди ва улар хўжалик бошқарувига (ўз-ўзини таъминлаш – таҳр.) ўтказилди. Ваҳоланки, шаҳарнинг яшил боғлари – ижтимоий лойиҳа ва соғлиқни сақлашга киритилаётган сармоялар ҳисобланади, қоидага кўра, уларга қилинаётган харажатлар боғларни сақлаш харажатларидан ўн маротаба кўпроқ саналади.
Сокин боғлар ҳеч қачон фойда келтирмайди. Яхшиси, парвариш учун пул ажратиши учун шаҳар ҳокими билан гаплашаман.
Ҳокимнинг қўшимча қилишича, жорий йилда боғни сақлаш харажатлари сметаси тузилади. Унга қўриқлаш, коммунал тўловлар, ободонлаштириш ва боғнинг бошқа ходимлари иш ҳақи, асбоб-ускуналар сотиб олиш ва бошқалар киритилади. Анвар Сайфутдиновнинг сўзларига кўра, ойлик харажатларнинг дастлабки миқдори 200-250 миллион сўмни ташкил қилади. Маблағ кенгаш томонидан тасдиқланади.
Боғда нималар қилинган?
Боғнинг бош хиёбонида марказий дарвозалар оралиғидаги йўлак тошлари янгиланди. Кўрсаткичлар тез-тез учрайди. Янги чироқ устунлари ўрнатилди. Кечки вақтларда боғнинг бутун ҳудуди ёритилади. Илгари боғнинг Братислава кўчаси томонидан кириш қисми тунда доимо қоронғу бўларди.
Аҳолининг илтимосига қарамай, велосипед йўлаклари пиёдалар йўлагидан жисмоний тўсиқ билан ажратилмаган. Бу ерда, бутун шаҳарда бўлгани каби, велойўлаклар ёрқин қизил рангга бўялган. Йўлаклар кесишмаларидаги оқова ариқлар панжара билан ёпилмаган. Анвар Сайфутдиновнинг сўзларига кўра, чорраҳалардаги ариқлар темир қопламалар билан ёпилади.

Сайр йўлакларига бетон қуйиб чиқилган. Қурувчилар уларга йўлак тошлари шаклини беришга ҳаракат қилишган.
Ташландиқ жой ўрнида кузатув майдончали катта футбол майдони пайдо бўлди. Меҳмонлардан майдонда ўйнаш учун ҳақ олинади. Майдон атрофида югуриш йўлаги бор. Душ, ҳожатхоналар, кийим алмаштириш хоналари, шунингдек, футбол майдони яқинидаги дўкон қурилиши якунланмоқда. Унинг чап томонида ёзги кинотеатр қурилади, деди туман ҳокими Анвар Сайфутдинов.

«Аквамарин» ҳовузи боғ ҳудуди ичида қолди. Ҳокимнинг таъкидлашича, мазкур ҳудул аввалроқ ҳовуз эгасига 49 йилга ижарага берилган. Стол тенниси ўйини учун майдонча ўз ижарачисини топади, дея қўшимча қилди Анвар Сайфутдинов. Бу ерда, аввалгидек, ушбу спорт тури бўйича турли даражадаги чемпионатларни ўтказиш мумкин бўлади.
«Сиэтл» боғида йўлак тошларини алмаштиришмаган. Анвар Сайфутдинов улар сайқаллаб чиқилганини қайд этди. Бироқ гранитнинг юзаси ҳали ҳам нотекис. «Газета.uz» ўқувчилари боғ ҳақидаги олдинги материалларга қолдирган изоҳларда «Сиэтл» боғи ижодкорлари бундай текстурани атайлаб қолдиришгани – шу йўл билан йўлаклар сирпанчиқ бўлмаслигини айтишганди.

«Сиэтл» боғидаги дарахтлар атрофидаги ҳовузлар қўлда ясалган плиткалар билан қопланган. Плиткалар америкалик болалар томонидан шаҳарлар ўртасида қардош шаҳар алоқалари ўрнатилиши шарафига тайёрланган. Уларнинг кўпчилиги яроқсиз ҳолга келган. Реконструкция лойиҳаси муаллифлари декоратив элементларни асл нусхаларга иложи борича яқинроқ ҳолда тиклашга ваъда беришди. Анвар Сайфутдинов ҳокимлик томонидан фарғоналик кулолчиларга янги кошинлар буюртма қилинганини таъкидлади. Шу билан бирга, яхши сақланган асл намуналар қолдирилган.

«Вақт» ҳайкалтарошлик композицияси қайта тикланди. У тез-тез вандализм ҳужумларига дучор бўлган эди. Қаҳрамонларнинг қўлларини доимий равишда синдиришган. Суратларга қаралса, вандализмга қарши кураш ҳали кутилган натижаларни бераётгани йўқ.
Боғнинг «Сиэтл» музейи яқинидаги қисмига ўриндиқлар ўрнатилган, аммо бу ерда бирорта ҳам чиқинди идиши йўқ. «Капалак» кўлининг туби мовий ва ложувард тус бериш учун шу ранглардаги гидроизоляция материаллари билан қопланган. «Газета.uz» мухбири истироҳат боғига ташриф буюрган куни сувдаги мовий ва ложувард рангни кузатишнинг имкони бўлмади.

Ҳовузнинг Братислава кўчаси томонидаги қисмида гидроизоляциялаш ишлари ҳали тугалланмаган. Материалларни етказиб бериш логистик инқироз туфайли кечикмоқда, деди туман ҳокими Анвар Сайфутдинов. Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳовуз марказидаги оролда жойлашган ресторан қайтадан қурилади. Ресторан эгаси туман ҳокимлиги билан музокаралар чоғида эски конструкциянинг маънан эскирганлигини тан олди. У оролда замонавий иншоот қуриш ниятида.

«Капалак» кўли устидаги кўприк қайта тикланди. Кўприкнинг зинапоялари ғадир-будур қилинган, лекин унинг текис қисми жуда сирпанчиқ. Туман раҳбари бу хатони тўғрилаб, «стопперлар» ўрнатиш бўйича кўрсатма берганини айтди.
Боғнинг асосий камчилиги – ифлослик. Унинг ҳудудидаги аксарият йўлаклар майсазорлар билан қарийб бир хил даражада ёки улардан пастда. Натижада ёғингарчиликлардан сўнг боғ бўйлаб сайр қилиш лой кечишга айланади.

Анвар Сайфутдинов гап ўтларнинг йўқлигида эканини таъкидлади. Майсазорлар кўкариб чиқса, уларнинг илдизлари тупроқни тутиб туради. Аслида эса ушбу муаммонинг муҳандислик ечими аллақачон ишлаб чиқилган.
Озгина саъй-ҳаракат билан йўлакларни ҳар қандай об-ҳавода ҳам тоза тутиш мумкин бўлади. Истироҳат боғига кўпроқ ўриндиқлар, чиқинди қутилари ўрнатилса, бу ер ҳақиқатан ҳам аҳоли хоҳлаганидек, меъморлар ваъда қилганидек, фуқаролар учун сокин, салқин, тоза ва ёқимли дам олиш масканига айланади.

«Қурилишда ҳар доим хатолар бўлади. Лекин биз асосий мақсад – боғни халқ учун сақлаб қолишга эришдик», — деди Анвар Сайфутдинов.

Мен эса асосийси боғни ям-яшил сақлаш, деб ҳисоблайман. Чунки марҳум отам айтганидек: «Тозалаш жуда осон; тоза сақлаш қийин». Буни шаҳарсозлик билан таққослаганда, дарахт экиш жуда осон, уни етиштириш қийин экани маълум бўлди. Одамларга яшил боғни ваъда қилиш мумкин, аммо ваъдага вафо қилиш ҳам керак. Уни сақлаб қолишга ҳар биримиз интилсак, эҳтимол, шаҳар тозароқ бўлар, камроқ одамлар оғир хасталикларга чалинар, болалар ота-онасидан айрилмаган ҳолда улғайишар.
Матнни Сабина Бакаева тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифлари: Сабина Бакаева / «Газета.uz», Абдуманоп Зияев, Назима Давлетова, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

«Газета.uz» интернет-нашри сайтида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми, у ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг