Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 1 тадан махсус ковид-поликлиникалари фаолият бошлади, дея хабар берди ССВ матбуот хизмати.

Кўп тармоқли клиникалар коронавирус бўйича салбий ҳолатларнинг олдини олиш, хусусан, коронавирус инфекцияси аниқланган, бироқ хасталик клиник белгиларсиз ёки енгил шаклда кечаётган беморлар саломатлигини назорат қилиш, уларга амбулатор ва уйига борган ҳолда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида ишга туширилди.

Тиббий-санитария муассасалари ва хизмат кўрсатиш йўналиши яқин бўлган 4 та диспансер ҳамда 8 та оилавий поликлиника биносида иш бошлаган мазкур муассасалар аҳолига ҳар куни 24 соат давомида хизмат кўрсатади. Ҳар бир муассасага шифокорлар билан бир қаторда, тиббиёт олий ўқув юртларининг етакчи мутахассислари ҳам жалб қилинади.

«Беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ушбу поликлиникалар рентген, кислород конденсаторлари, пульсоксиметр, ПЗР-тест, зарур дори-дармонлар, сарфлов материаллари, дезинфекцияловчи эритмалар билан таъминланган», — дейилади хабарда.

Мурожаат қилган беморлар оғирлик даражасига кўра сараланиб, аҳволи енгил фуқароларга уйда даволанишлари учун зарур тавсия ва коронавирусга қарши дори-дармонлар бўлган «COVID-box"лар берилади. Беморнинг аҳволи оғир бўлса, зудлик билан махсус шифохонага юборилади.

Ушбу поликлиникалар қуйидаги манзилларда жойлашган:

  1. Бектемир туман марказий кўп тармоқли поликлиникаси — Бектемир тумани, Водник даҳаси, 75-уй;
  2. 5-сонли Фтизиатрия диспансери — Миробод тумани, 8-март кўчаси, 58-уй;
  3. 23-сон оилавий поликиника «Бирлик» филиали — Учтепа тумани, Чакмоний кўчаси, 14-а уй;
  4. 1-сон Фтизиатрия диспансери — Мирзо Улуғбек тумани, А. Югнакий мавзеси, 15-а уй;
  5. 58-сон оилавий поликлиника — Яккасарой тумани, А.Қаҳҳор кўчаси, 44-уй;
  6. 11-сон оилавий поликлиника — Сергели тумани, Чоштепа кўчаси, 147-уй;
  7. 3-сон Фтизиатрия диспансери — Олмазор тумани, Уста Ширин кўчаси, 1-берк, 3-уй;
  8. Тошкент шаҳар фтизиатрия ва пулмонология маркази — Чилонзор тумани, Лутфий 7, 33-уй, 1-хонадон;
  9. 4-сон фтизиатрия диспансери — Юнусобод тумани, 3-тор, Ниязбек йўли, 6-уй;
  10. 42-сон оилавий поликлиника — Шайхонтоҳур тумани, Тахтапул кўчаси, 14-а уй;
  11. 2-сон фтизиатрия диспансери — Яшнобод тумани, Мурғоб кўчаси, 93-уй;
  12. Тошкент шаҳар тери-таносил диспансери — Янгиҳаёт тумани, Йўлдош 7, 23-уй.

Бундан ташқари, коронавирус касаллигига қарши эмлаш ишларини самарали олиб бориш мақсадида пойтахтдаги 12 та кўп тармоқли ва 66 та оилавий поликлиникаларда махсус мобиль бригадалар фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, махсус поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилиши ҳақида жума соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев тунда «тез ёрдам» фаолиятини ўрганиш чоғида тилга олинганди. Бундан олдин Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони кетма-кет еттинчи кун ўсгани хабар қилинганди.