АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) Ўзбекистонда аёлларнинг ҳунармандчилик корхоналари ва якка тартибдаги ҳунарманд аёлларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.

Шу мақсадда «Агробизнесни ривожлантириш» лойиҳаси доирасида «Хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш жамғармаси» (Жамғарма) ташкил этилган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, Жамғарма якка тартибдаги ҳунарманд аёллардан 5 млндан — 50 млн сўмгача, рўйхатдан ўтган ҳунармандчилик корхоналаридан эса 50 млндан — 200 млн сўмгача бўлган миқдорда янги технологияларни жорий қилишни қўшма молиялаштиришга қаратилган аризаларини қабул қилишни бошлади.

USAID хотин-қизлар ва ёшларни бошқарув, техник ёки бошқа турдаги раҳбарлик лавозимларига ишга қабул қилишни истаган корхоналар фаолиятини молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратади. Танловга аризалар — 15 февралига қадар қабул қилинади. Танлов шартлари ва ариза иловасини бу ердан юклаб олиш мумкин.

Хабарда қайд этилишича, лойиҳанинг мақсади аёлларнинг иқтисодий имкониятларини, айниқса, қишлоқ жойларида фаоллаштиришдан иборат. USAID 2021 йилда ўзининг Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси орқали ўзбекистонлик аёлларни иш топиш ва ўзининг янги корхоналарини ишга туширишини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган.

Беш йиллик лойиҳа Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун бутун қиймат занжири бўйлаб қўшимча қиймат яратиш имконини берувчи янги технологиялар ва замонавий бошқарув амалиётларини жорий этиш орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида хусусий сектор ривжоланишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.