Андижонлик таксичининг мурдаси Яшнобод туманидаги автотураргоҳдан топилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот котиби. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда андижонлик таксичининг Тошкент вилоятида ўлдириб кетилгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди.

Маълум қилинишича, Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида яшаган М.Отахонов (1991 й. т.) Cobalt автомашинасида «Андижон-Тошкент» йўналишида қатнаб, аҳолига пулли транспорт хизмати кўрсатиб келган. У 7 январь куни соат 17:55 лар атрофида Шаҳрихон туманидаги автотураргоҳдан бир фуқаронинг 11650 АҚШ долларини Тошкентдаги танишига олиб бориб бериш учун олган.

У, шунингдек, нотаниш бўлган 3 нафар йўловчини ҳам ўз автомашинасида Тошкент шаҳрига олиб кетиб, бедарак йўқолган.

8 январь куни унинг онаси О.Латипова туман ИИБга ўғли М.Отахоновнинг 7 январь куни уйдан чиқиб кетиб, бедарак йўқолганини билдирган ва уни топишда амалий ёрдам сўраган.

М.Отахоновни қотиллик қурбони бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, Шаҳрихон туман прокуратураси 9 январь куни Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатган.

Тезкор қидирув тадбирлари натижасида М.Отахоновнинг мурдаси 9 январь куни Тошкентнинг Яшнобод туманидаги автотураргоҳда Cobalt автомобили юкхонасидан қотиллик аломатлари билан топилган.

Айни пайтда мазкур жиноят иши доирасида 3 нафар гумонланувчи Қўқон шаҳар ҳудудидан ушланган ва терговга жалб қилинган.

Ҳозирда Андижон вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари кетмоқда.