2019 йилги Давлат дастурига кўра, ўша йилнинг июнь ойига қадар ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгаши раиси мақомини бекор қилишга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилиши лозим эди. Бироқ, мана уч йилдирки ушбу устувор вазифа ҳамон ижро қилинмай келинмоқда.

«Газета.uz»нинг аниқлашича, ҳужжат тайёрланган, Адлия вазирлиги уни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб, ўзининг ижобий хулосасини тақдим этган. Бироқ, ҳужжатнинг ундан кейинги тақдири номаълум. Президент Шавкат Мирзиёевнинг қайта ва қайта мазкур масала ҳал этилиши юзасидан фикр билдиришига қарамасдан, устувор вазифанинг асосий икки ижрочиси — Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси ўз вақтида ижрони таъминламаган. Бунинг сабаби эса номаълум.

Ҳаммаси нимадан бошланганди?

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 17 январдаги [ПФ-5635-сон] фармони билан тасдиқланган «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 28-бандида ҳокимнинг халқ депутатлари кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган эди.

Дастурга асосан 2019 йилнинг 1 мартига қадар ҳокимнинг кенгаш раиси мақомини бекор қилиш билан боғлиқ масалалар ва шу бўйича амалдаги қонунларга ўзгартишлар киритиш назарда тутилган эди.

2019 йилнинг 3 апрель куни (муддат бир ойга кечиккан) Қонунчилик палатаси кенгаши ва Сенат кенгашининг [2437-III-сон] қўшма қарори қабул қилинган.

Мазкур ҳужжатга кўра, вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг халқ депутатлари кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

Унга мувофиқ, апрель-июнь ойлари мобайнида қонун ҳужжатларини инвентаризация қилиш, ижтимоий сўровлар ўтказиш, мутахассис ва экспертлар иштирокида давра суҳбатлари ўтказиб, таклифлар ишлаб чиқиш белгиланган.

2019 йилнинг июнида эса «Ҳокимнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва айрим қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Қонунчилик палатасига киритиш белгиланган.

Қўшма қарорнинг ижросини назорат қилиш эса Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Сарвар Отамуратов ҳамда Сенат раисининг ўринбосари Светлана Артикова зиммасига юклатилган эди.

Бундан ташқари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш масаласини ўрганиш юзасидан тузилган ишчи гуруҳга Светлана Артикова раҳбар этиб тайинланган.

Ҳозирда ижро учун масъул ҳар икки мансабдор ҳам бошқа ишда — Cарвар Отамуродов 2019 йилнинг 22 майидан бошлаб «Ўзагросуғурта» компанияси бошқарув раиси, Светлана Артикова эса 2019 йилнинг 7 ноябридан бош прокурор ўринбосари лавозимида фаолият юритишмоқда.

Давлат дастурлари ижросини мониторинг қилувчи ташкилот — «Тараққиёт стратегияси» маркази матбуот хизмати ходими ҳам ҳозиргача мазкур банд ижроси таъминланмаганлигини тасдиқлади.

«Газета.uz» Сенат матбуот хизматига бир неча бор юборилган (23 декабрдан) сўровига шу кунга қадар тегишли жавоб ёки бирор бир изоҳ ололмади.

Қонунчилик палатаси матбуот котиби, депутат Наврўз Ризаевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, палатага «келиб тушган барча қонун лойиҳалари кун тартибида кўриб чиқилади».

«Сиз сўраган масалада қуйи палатага таклифлар келиб тушмаган. Шу сабабдан масала муҳокама қилинмаган. Маҳаллий ҳокимиятлар фаолиятини мувофиқлаштириш қонунчиликка асосан бевосита Сенат ваколатида эканини маълум қиламиз», — деди у.

«Газета.uz»нинг ҳукуматдаги ишончли манбасининг аниқлик киритишича, Қонунчилик палатасининг 2019 йил 14 майдаги хати билан «Ҳокимнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақоми бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Адлия вазирлигига кўриб чиқиб, эътироз ва таклифлар билдириш учун тақдим этилган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июндаги хати билан «Вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Адлия вазирлигига тақдим этилган.

Адлия вазирлиги ҳукумат томонидан тақдим этилган қонун лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб, лойиҳани қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида 2019 йил 19 июнда хулоса берган.

«Газета.uz» манбаси ҳужжат ишлаб чиқилгани, бироқ номаълум сабабларга кўра, қабул қилинмаганини маълум қилди.

Бундан ташқари, амалиётга кўра, Ҳаракатлар стратегияси доирасида йўл хариталарига белгиланган устувор вазифалар ижроси таъминланмаса, улар келгуси йилги Давлат дастури йўл харитасидан жой олиши лозим. Бироқ, 2019 йилги Давлат дастурининг 28-банди кейинги йилларга ўтмаган.

Ҳаттоки, «Янги Ўзбекистоннинг 2022−2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги президент фармони лойиҳаси ва йўл харитасида ҳам бунга оид бирор чора-тадбир қайд этилмаган.

«Кенгаш раҳбари ҳоким бўлмайди» — президент

2021 йилнинг 18 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти фаоллари билан учрашувда ҳокимларни халқ сайлаши ва улар келгусида кенгаш раиси бўлмаслигини таъкидлаганди.

«Биз жойлардаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича депутатлар, туман кенгашларига жуда катта ваколатлар берганмиз. Шундай тизимга ўтамизки, ҳар бир кенгаш раҳбари ҳоким бўлмайди. Кенгашга сайланган депутат унга раҳбар бўлади. Вилоят ҳокими ҳам вилоят кенгашининг раҳбари бўлмайди. Ижро органи раҳбари — туман, шаҳар кенгашларига ҳисобот берувчи. Бу тизимни онгимизга сингдирмаганимиз учун, одамлар ўргансин деб уни ушлаб турибман», — деганди у.

Давлат раҳбари ўшанда «халқ жойлардаги ҳокимият вакилларидан ҳисобот талаб қилса, вазият ўзгаради», дея қўшимча қилганди.

2021 йил 6 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимида сўзлаган нутқида ҳам мазкур масалага тўхталиб ўтди.

«Неча марта биз буни гапирямиз, лекин мана, беш йил тажриба орттирдик… Энди кенгашнинг раҳбари ижро органи раҳбари бўлиши мумкин эмаслигини халқимизнинг ўзи айтяпти. Вақт-соати келди, қонуний масалани ҳам жой-жойига қўямиз. Шундай қилиб, демократик йўналишлардаги катта пойдеворни яратамиз. Агар шу пойдевор бўлса, анча анчагина ижро органи раҳбарлари ҳам халқ томонидан жиловланади. Халқ деганим — депутатлар томонидан, депутатлар деганим — халқ сайлаган вакиллар томонидан», — деганди у.

Ҳоким фикри

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли тумани ҳокими, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Женгис Ермашев «Газета.uz»га айни шу мавзуда илмий иш ёзганини айтиб, ҳоким кенгашга ҳисобот бериб, уни ўз маъқулласа бу холислик тамойилига зид келишини таъкидлади.

«Бу менинг илмий ишимнинг мавзуси. Ҳоким ўз туманидаги биринчи сектор раҳбари ҳисобланади, биласиз, сектор раҳбари халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига тез-тез ҳисобот бериб туради. Яъни, депутатлар маъқуллашса, сектор раҳбарининг ҳисоботи қабул қилинади ёки рад этилади. Шунинг учун, ҳозир ушбу масала юқори турувчи идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда. Туғри, бу холат мантиқий жиҳатдан қаралса, ҳоким сектор раҳбари бўлиб туриб, кенгашга ҳисобот топширса, яна уни ўзи маъқулласа, бу холислик тамойилига зид келиши мумкин, албатта. Шуни унутмаслигимиз керакки, биз давлат ва жамият қурилишида тараққиёт босқичидамиз», — деди у.

У ҳозирги кунда давлат раҳбари ташаббуси билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан боғлиқ кенг кўламли ислоҳотлар бошланганини қайд этди.

«Айтиш жоизки, бу масалалар парламент томонидан атрофлича ўрганиб чиқилмоқда. Масалан, бу каби вазиятларда мен биринчи сектор раҳбари сифатида ўзим ҳисобот топширадиган кенгаш мажлисида секторлар қаторида пастда ўтириб, нейтрал ҳисобот топшираман, яъни ўзим кенгаш раиси вазифасини амалга оширмайман, демоқчиман. Бунда кенгаш раиси ўринбосари сессияни бошқаришга ҳақли, шу каби вазиятларда депутатлар орасидан бошқа шахс кенгашни бошқариши назарда тутилган», — дейди туман ҳокими.