Қозоғистонда терроризмда гумон қилиниб ушланган Қирғизистон фуқароси ва мусиқачи Викрам Рузахунов озод этилди. Бу ҳақда «Вечерний Бишкек» нашри ўз манбасига таяниб хабар берди. Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда Рузахуновни Бишкекга олиб кетишмоқда.

Маълумот учун, ушбу мусиқачи якшанба куни Қозоғистоннинг Qazaqstan ва «Хабар 24» телеканалларида 90 минг тенге учун (тахминан 200 доллар) Олмаотадаги митингларда қатнашиш учун Қирғизистондан учиб келганини, аммо митингни кўргач қўрқиб кетиб, уйга қайтмоқчи бўлганида ҳарбийлар томонидан ушланганини айтганди.

Қирғизистон оммавий ахборот воситалари дарҳол бу одамнинг қирғизистонлик пианиночи ва жазз мусиқачиси, Олмаотада тез-тез концерт бериб турадиган Викрам Рузахунов эканлигини аниқлаштирди. Рузахуновнинг қариндошлари ва ҳамкасблари видеода айнан у эканлигини тасдиқлашган. Улар Қозоғистоннинг Бишкекдаги элчихонаси олдидаги митингга боришди.

Намойишчиларга Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ҳам қўшилди ва у видеода қирғиз мусиқачиси акс этгани ҳамда унинг террорчи эмаслигини айтди. У Қирғизистон расмийларидан Қозоғистондаги қирғизларни погромчилар сифатида кўрсатишга уринаётганидан норозилигини билдирди.

«Викрам Рузахунов ҳеч қандай тартибсизликларда қатнашмаган. Қозоғистон давлат телеканали маълумоти нотўғри. Қўшниларимиз тергов риторикасини ўзгартиришлари керак. Бизнинг фуқароларимизни терроризмда айблаш — нотўғри», — деган эди Ташиев.

Қирғизистон ТИВ раҳбари Руслан Казакбаев эса дипломатик миссиянинг адвокатлари ва консулларига ҳибсга олинган қирғизистонликларни кўришга рухсат берилмаганини маълум қилган эди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўз баёнотида икки давлат вазирликлари ўртасида зарур ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

«Қозоғистонда меҳнат қилаётган фуқароларимиз кўп. Эҳтимол, улар орасида акцияларда иштирок эта оладиганлар ҳам бўлган. Лекин биз қаттиқ курашамиз ва ҳаракатларда иштирок этмаган ва ноҳақ жавобгарликка тортилаётган барча фуқароларимизни ҳимоя қиламиз. Икки давлат махсус хизматлари ишларининг натижаларини кутамиз», — деб ёзди у ижтимоий тармоқларда.