Якшанба куни Қозоғистоннинг Qazaqstan ва «Хабар 24» телеканаллари калтакланган қирғизистонликнинг ишсиз эканлиги, Олмаотадаги погромларда қатнашгани ва бунинг учун 90 минг тенге (тахминан 200 доллар) олгани ҳақидаги лавҳани намойиш этди. Хабарлар бошқа ОАВларда ҳам тарқалди. Бироқ тез орада улар ушбу маълумотни рад этишга мажбур бўлдилар.

«Митингда қатнашишни таклиф қилишди, 90 минг тенге таклиф қилишди. Қирзиғистонда ишсиз бўлганим учун рози бўлдим. Улар менга чипта олиб беришди. Иккинчи куни Олмаотага учиб келдим ва мени Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари ҳам бўлган квартирага олиб боришди, уларнинг нима ҳақда гаплашаётганларини тушунмадим. Митинг бошланганида қўрқдим. Квартирага қайтиб келдим, бир оқшом қолдим, кейинги куни эса уйга қайтишга қарор қилдим ва мени ҳарбийлар Самси қишлоғида (Жамбул вилояти — таҳр.) ушладилар», — деди у камерага.

Қирғизистон оммавий ахборот воситалари дарҳол бу одамнинг қирғизистонлик пианиночи ва жазз мусиқачиси, Олмаотада тез-тез концерт бериб турадиган Викрам Рузахунов эканлигини аниқлаштирди. Рузахуновнинг қариндошлари ва ҳамкасблари видеода айнан у эканлигини тасдиқлашган. Улар Қозоғистоннинг Бишкекдаги элчихонаси олдидаги митингга боришган.

Намойишчиларга Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ҳам қўшилди ва у видеода қирғиз мусиқачиси акс этгани ҳамда унинг террорчи эмаслигини айтди. У Қирғизистон расмийларидан Қозоғистондаги қирғизларни погромчилар сифатида кўрсатишга уринаётганидан норозилигини билдирди.

«Фуқароларимиз терроризмда айбланса, биз жим ўтира олмаймиз», — деди Ташиев. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга норозилик нотаси юборган.

Кейинроқ Қозоғистон ИИВ видеодаги калтакланган шахс Викрам Рузахунов эмас, балки Зокир Убуров (1990 йилда туғилган) эканлигини маълум қилди. Аммо унинг укаси Тоҳир Убуров (тўғри ёзилгани — Юбуров) лавҳадаги шахснинг Зокир эмаслиги, аммо унинг укаси ҳам Қозоғистонда ҳибсга олинганини маълум қилди.

Закир Юбуров. Фото: Кактус Медиа.

Қирғизистон ИИВ ҳибсга олинган шахснинг яқинларига таяниб, Викрам Рузахуновнинг Олмаотага концертлар ўтказиш учун таклиф этилганини маълум қилди.

«Уни аэропортга онаси Қундузхон ва унинг Бишкекдаги ИПАМ компаниясида дастурчи бўлиб ишлаётган набираси Аскат Сериков кузатиб боришган. Қозоғистонда уларнинг қариндошлари бўлмаган ва мусиқачи фақат таклифнома билан концерт дастурларини ўтказиш, шунингдек, Қозоғистон ва МДҲ мамлакатларидаги мусиқа фестивалларида қатнашиш учун сафар қилган», — дейилади хабарда.

Қирғизистон ТИВ раҳбари Руслан Казакбаев дипломатик миссиянинг адвокатлари ва консулларига ҳибсга олинган қирғизистонликларни кўришга рухсат берилмаганини маълум қилди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўз баёнотида икки давлат вазирликлари ўртасида зарур ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

«Қозоғистонда меҳнат қилаётган фуқароларимиз кўп. Эҳтимол, улар орасида акцияларда иштирок эта оладиганлар ҳам бўлган. Лекин биз қаттиқ курашамиз ва ҳаракатларда иштирок этмаган ва ноҳақ жавобгарликка тортилаётган барча фуқароларимизни ҳимоя қиламиз. Икки давлат махсус хизматлари ишларининг натижаларини кутамиз», — деб ёзди у ижтимоий тармоқларида.

Бир кун аввал Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев Twitter орқали инглиз тилида «бандитлар ва террорчилар» махсус марказдан назорат қилингани, уларнинг баъзилари қозоқ тилини билмаслигини ёзган эди. Кейинчалик бу хабарлар ўчирилди.