Навоий кон-металлургия комбинати учта мустақил корхонага бўлинди, деб хабар берди НКМК матбуот хизмати.

1 январдан «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ (қимматбаҳо металларни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи), «Навоийуран» давлат корхонаси (табиий уран ва нодир ер металларини қазиб олиш ва қайта ишлаш) ҳамда «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» ташкил этилди.

Заводни қайта ташкил этиш Ўзбекистон президентининг 2020 йил 6 мартдаги қарорида кўзда тутилган.

Сентябрь ойида бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ҳукумат НКМКни хусусийлаштиришга тайёргарлик кўра бошлаганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, 2022 йилда компания акцияларининг 10−15 фоизигачаси сотилиши мумкин.

«Бу Ўзбекистоннинг йиллик даромади 5 млрд доллардан ортиқ бўлган энг йирик компанияси», — деганди вазир. У, шунингдек, 2024 йилга бориб компания акцияларининг максимал 10−15 фоизини IPOга чиқариш ҳам режалаштирилганини қўшимча қилган. Якуний қарорни президент қабул қилади.

Сентябрь ойида завод ўзининг инвестиция дастурини молиялаштириш учун Россия ВТБ банкидан 1 млрд доллар кредит жалб қилгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, НКМК олтин рудаларини қазиб олиш ва қайта ишлаш комплексини қуриши маълум қилинди.

НКМК мамлакатдаги энг йирик саноат корхонасидир. Комбинат олтин, уран, нодир металлар қазиб олади, қурилиш материаллари ва станоксозлик саноати учун хомашё, кенг турдаги халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаради. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган барча саноат маҳсулотларининг 10 фоизи, бюджет даромадларининг 18 фоизи завод ҳиссасига тўғри келади. Компанияда (2020 йил март ҳолатига кўра) 54 мингдан ортиқ киши ишлайди.

Хомашё ресурслари бўйича НКМК жаҳон олтин ишлаб чиқарувчилари орасида учинчи ўринда туради. Бироқ унинг активлари қиймати бу каби хорижий компанияларникидан анча паст. НКМК баланс қиймати 1,3 млрд долларга баҳоланган бўлса, ушбу даражадаги хорижий корхоналарнинг бозор нархи 11 млрд долларни ташкил этади.