Россиянинг ВТБ молиявий гуруҳи ва Навоий кон-металлургия комбинати томонидан НКМКни молиялаштириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим тузилди, деб хабар берди ВТБ матбуот хизмати.

Ҳужжатни НКМК бош директори Кувандик Санакулов ва президент — ВТБ банки бошқаруви раиси Андрей Костин имзоладилар. Маросим Тошкент иқтисодий форуми доирасида бўлиб ўтди.

Ҳужжат ВТБ банки томонидан Навоий кон-металлургия комбинати инвестиция дастурини молиялаштиришнинг асосий шартларини ўз ичига олади. Кредит линиясининг умумий миқдори беш йил муддатга 1 млрд долларни ташкил этади.

«ВТБ банки бизнинг узоқ йиллик ҳамкоримиз, у 750 млн долларлик республика евробондларини жойлаштириш орқали маблағ жалб этилишига ёрдам берди», — деди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни камайтириш вазири Жамшид Қўчқоров.

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ВТБ ва НКМК ўртасидаги келишув, НКМК учун узоқ муддатли молиялаштиришни жалб қилиш бўйича биринчи ва энг йирик битимдир. Унинг таъкидлашича, бу давлат назорати остидаги барча корхоналар ўртасидаги бизнесни ривожлантириш учун қарз маблағларини бир марталик жалб қилиш бўйича ҳам йирик келишув.

«2018 йилда бошланган тоғ-кон саноати ва хусусан, НКМКнинг кенг кўламли ўзгариши туфайли келишувга эришиш мумкин бўлди. Компания трансформацияси 2021 йил охиригача якунланиши кутилмоқда», — деди Жамшид Қўчқоров.

«Навоий заводи билан тузилган шартнома ВТБ учун Ўзбекистондаги энг йирик битимдир», — деди Банк ВТБ бошқаруви раҳбари Андрей Костин. «Биз ўз ҳамкасбларимизга нафақат молиявий кўмакни, балки инвестиция дастурини амалга ошириш бўйича чуқур тажрибани, шунингдек, ESG дастурини амалга ошириш билан бир қаторда, халқаро капитал бозорларидаги ишлашларни тақдим этишга тайёрмиз».

Аввалроқ, Тошкент иқтисодий форуми доирасида бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Навоий кон-металлургия комбинатини (НМКК) хусусийлаштиришга тайёргарлик бошланганини маълум қилган эди. 2022 йилда компаниянинг 10 фоизгача акциялари сотилиши мумкин, дедиу.

Шу билан бирга, Жамшид Қўчқоровнинг аниқлик киритишича, ҳукумат компанияни тўлиқ хусусийлаштириш ниятида эмас,хабар берди Spot. «Бу Ўзбекистоннинг энг йирик компанияси бўлиб, йиллик даромади 5 млрд доллардан ошади. 2024 йилга келиб биз IPO учун максимал 10−15% акцияларни қўйишни режалаштирганмиз. Якуний қарор давлат раҳбари томонидан қабул қилинади «, — деди бош вазир ўринбосари.