10 сентябр куни қабул қилинган ҳукумат қарори билан «Пистали» конида таркибида олтин бўлган маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш комплексини қуриш (6-ГМЗ) инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари тасдиқланди.

Инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 274,7 млн долларга баҳоланган. Қарорга мувофиқ, объект 2024 йилнинг декабрида фойдаланишга топширилади. Мажмуанинг ишга туширилиши таркибида олтин бўлган 4 млн тонна ҳажмдаги маъдан қазиб олиш бўйича қўшимча қувватларни яратиш имконини беради.

Лойиҳа 29,6 млн доллар миқдорида «Навоий КМК»нинг ўз маблағлари ва 245,1 млн доллар миқдоридаги хорижий банкларнинг кредитларини жалб этиш ҳисобига амалга оширилади. Хорижий банклар кредитлари йиллик 4,55% ставка билан 5 йил муддатга (жумладан, имтиёзли давр — 3 йил) жалб этилиши белгиланган.

Лойиҳа доирасида 2110 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.