Universal Mobile Systems (UMS) мобил оператори 2019 йилда Mobiuz савдо белгиси остида фаолият кўрсатади. Бу ҳақда компания сайтида хабар қилинди.

UMS ўз савдо белгиси ва бренд қадриятларини янги замон талабларига мослаштириб янгиламоқда. Ребрендинг компания фаолиятида кечаётган катта ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқ. UMS охирги пайтларда янги ривожланиш ва рағбатлантирувчи омилларга эга бўлди.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 21 ноябрда қабул қилинган «Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида рақамли инфратузилмани янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, мобил операторга бир қатор вазифалар топширилди. Ҳусусан, UMS Ўзбекистон ҳудудини ривожланган мамлакатлар даражасида Интернет тармоғига уланиш имкониятлари билан имкон қадар тўлиқ қоплаши, барча давлат хизматларини фақатгина ўз маълумотларга ишлов бериш марказлари орқали кўрсатиши лозим», — дейилади хабарда.

Президентнинг 2018 йилнинг 13 декабридаги «Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувига рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, компания жорий фаолияти билан бир қаторда давлат хизматлари операторига айланиб, ҳукумат мобил алоқаси ва криптографик ҳимояланган илк миллий UzChat мессенжерини жорий қилмоқда.

Бундан ташқари, UMS платформасида Лойиҳа бошқаруви ягона миллий ахборот тизими, давлат сектори учун блокчейн ечимлар, аҳоли учун рақамлаштирилган давлат хизматлари яратилмоқда. Бу эса электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш, давлат бошқарувига ахборот тизимларини жорий қилиш, бу соҳада ягона давлат сиёсатини олиб боришга хизмат қилади.

«Бундай шарт-шароитларда компания ребрендинги янги ўзгаришларни ифода этиши, компания қадриятларини ғоявий жиҳатдан ва мазмунан ўз ичига олган бўлиши керак», — дейилади хабарда.

Буни инобатга олган ҳолда UMS мобил операторининг савдо белгисини Mobiuz, деб номлашга қарор қилинди. Ребрендинг ишлари декабрь ойида, компания номини танлаш, бренд рангларини ва бошқа белгиларни яратишдан бошланди. Ребрендинг босқичма-босқич амалга оширилади.

UMS бу қадамлар компания брендини «софлаштириш», жамиятга компаниянинг янги қадриятларини етказишга хизмат қилади, дея берди. Янги образ компанияни янада танитиш ва унинг янги имижини яратишга ҳам кўмак беради.