2022 йил апрель ойигача «Е-патруль» тизими жорий этилиб, текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш тартиби бекор қилиниши мумкин. Бу 2022−2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳасида қайд этилган.

Лойиҳанинг 16-мақсадига кўра, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш вазифалари белгиланмоқда.

Шунга мувофиқ, текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш тартиби бекор қилинади ҳамда барча маълумотлар воқеа жойида «Е-патруль» тизими орқали текширилади.

Бундан ташқари, ички ишлар органлари патруль-пост хизмати ходимларининг фаолияти «бодикамера» ёрдамида назорат қилинади. Патруль хизматини авто ва мотопатруль шаклига ўтказиш орқали нарядларнинг мобиллигини ва ҳодиса жойига тезкорлик билан етиб боришини таъминлаш кўзланган.

Сентябрь ойигача ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларини ижтимоий мослаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар «яхлит платформа» доирасида «ювенал профилактика кластери» тизими яратилади.

Шунингдек, оилада шахсни руҳий тушкунликка олиб келувчи омилларни барвақт аниқлаш ва уларни бартараф этиш тизими яратилиб, аҳолига психологик хизмат кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади.

Стратегия доирасида 2022 йил ноябрь ойигача жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш ва уларни рўйхатга олишнинг «Е-ҳуқуқбузарлик» ягона автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилиши кутилмоқда. Бунга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 8 млрд сўм ажратилади.

Шу билан бирга, автомобиль йўлларида ҳаракатни бошқариш тизимини рақамлаштириш, ҳаракат иштирокчиларининг барчаси йўлларда хавфсиз ҳаракатланиши ҳамда йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсизликни таъминлашда жамоатчилик иштироки учун шароитлар яратишни назарда тутувчи 2022−2026 йилларда бажарилиши мўлжалланган дастур ишлаб чиқилади.