«Газета.uz» таҳририяти ўзбекистонликларнинг Янги йил олди байрам кайфияти, байрамда яқинларини қандай совға билан хурсанд қилмоқчи эканликлари ва ўзлари учун қандай совға кутаётганликлари, ўтган 2021 ва келаётган янги 2022 йил тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқиб, ўз ўқувчилари орасида кичик сўровнома ташкил қилди.

Нашрнинг Telegram каналларида ўтказилган сўровномада иштирок этган 700 нафардан салкам 2000 нафаргача бўлган обуначилар саволлар учун тақдим этилган жавоб вариантларини белгилашди ҳамда ўз изоҳларини қолдиришди.

Сиз учун Янги йил байрами кайфиятини нима беради?

Натижаларга кўра, салкам 1700 нафар респондентларнинг аксарияти — 60 фоизи Янги йил байрами кайфиятининг асосий манбаи сифатида оила даврасини кўрсатишган. Шунингдек, 21 фоиз респондентлар учун безатилган дастурхон, 17 фоизига болалар, 15 фоизига эса безатилган арча, шунингдек, янги йил мусиқалари ва кутилмаган совғалар байрам кайфиятини туҳфа қилар экан.

Респондентлардан бири «рўйхатда оливье қани» дея савол ҳам кўтарган.

Шахсий ҳаётингизда 2021 йилнинг энг кутилмаган ёки эсда қоларли ҳодисаси?

Шахсий ҳаётдаги йилнинг энг кутилмаган ёки эсда қоларли ҳодисаси сифатида энг кўп — 21 фоиз респондентлар янги иш бошлаганликларини, 15 фоизи COVID-19`га чалинганликлари ва яна 15 фоизи фарзандли бўлганликларини кўрсатишган. Шунингдек, 10 фоиз респондентлар саволга жавобан ва изоҳларда йилнинг энг эсда қоларли ҳодисаси сифатида талаба бўлганликларини қайд этишган. Таъкидлаш жоизки, бундай ҳодиса содир бўлмади, деб жавоб берганлар ҳам бор — 19 фоиз.

2022 йил қандай кутилмаган совғалар билан келишини истайсиз?

Мазкур саволга 1800 га яқин обуначилар ўз овозларини қолдиришган. Натижаларга кўра, уларнинг аксарияти — 34 фоизи 2022 йилдан янги уй, 29 фоизи эса пандемия ниҳоясига етишини кутишмоқда. Бундан ташқари, 25 фоиз респондентлар янги йилда ишли бўлиш, 21 фоизи саёҳат қилиш, 20 фоизи фарзандли бўлиш, 14 фоизи эса оила қуриш истагида эканлар.

Янги йил байрамида кўпроқ кимдан совға кутяпсиз?

Мазкур саволга жавобан 1300 га яқин респондентлар энг кўп қорбободан (24 фоиз), турмуш ўртоғидан (22 фоиз) ва ота-оналаридан (21 фоиз) байрам совғасини кутаётганликларини билдиришган. Шунингдек, респондентлар сафида дўстларидан, фарзандларидан ва ҳамкасбларидан Янги йил совғасини кутаётганлар ҳам йўқ эмас.

Янги йил байрамида яқинларингиздан қандай совға олишни истар эдингиз?

Қандай совға олиш масаласида энг кўп — 256 та овоз (780 дан ортиқ респондентнинг 32 фоизи) пул вариантига берилган. Шу билан бир қаторда кичик фарқ билан китоб варианти етакчилар сафида — 30 фоиз. 24 фоиз респондентлар эса шахсий компьютер ёки гаджетларни (телефон, планшет ва ҳ.к.) маъқул деб топишган. Бундан ташқари, нисбатан кам сонли респондентлар кийим ва маиший техника вариантини танлашган.

Янги йил байрамида яқинларингизни қандай совға билан хушнуд этиш истагидасиз?

Бу борада энг кўп респондентлар китоб (31 фоиз) ҳамда пул (31 фоиз) совға қилишни маъқул кўришар экан. Бундан ташқари, 18 фоиз респондентлар ўз яқинларини турли егулик (шу жумладан, ичимликлар, ширинлик) ва 15 фоизи шахсий компьютер ёки гаджетлар (телефон, планшет ва ҳ.к.) билан қувонтириш истагида эканликларини билдиришган.