Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қуриш лойиҳаси икки давлат экспертлари даражасида қизғин муҳокама қилинмоқда, дея маълум қилди душанба куни Россиянинг мамлакатдаги элчиси Олег Мальгинов.

Эслатиб ўтамиз, АЭС қуриш бўйича шартнома 2019 йил охиригача имзоланиши, 2020 йил бошидан устувор участка сифатида танланган Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли қирғоғида ишлар бошланиши режалаштирилган эди. Бироқ ҳужжатлар имзолангани ҳақида хабарлар ҳалигача келиб тушгани йўқ.

Россия элчиси лойиҳани амалга оширишда «техник масалалар бўйича муайян қийинчиликлар» борлигини таъкидлади.

«Бу ерда кўплаб техник саволлар туғилди. Аввалига реактор учун фақат битта режа бор эди, аммо бошқа олимларнинг фикрича, бу ерда сув билан боғлиқ вазият ҳар доим ҳам шундай эмас, балки бошқа турдаги реактор ўрнатилиши керакдир», — деди Олег Мальгинов. «Бу ҳам ҳал қилинмоқда», — дея қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, дипломатнинг сўзларига кўра, АЭСлар қурилаётган бошқа мамлакатларда Россиянинг бундай йирик лойиҳаларни амалга оширишига йўл қўймаслик учун таъсирлар мавжуд. «Улар бу ерда ҳам буни қилишга ҳаракат қилмоқда», — деди Россия элчиси.

«Энг асосийси, бу лойиҳа Ўзбекистонни қаноатлантириши, Ўзбекистоннинг кенг жамоатчилиги томонидан тўғри қабул қилинишидир. Биз бу жараён барча давлатлар манфаатларига мос равишда конструктив ҳал қилинади, деган тахминдан келиб чиқамиз», — деди дипломат.

«Биз биламиз, Ўзбекистонда АЭС қурилишидан хавотирда бўлган ва қарши чиқаётган қўшни давлатлар бор, лекин уларнинг ўзлари аллақачон учта станцияга буюртма берган. Агар улар тезроқ қуришни бошласа ва уни тамомласа, айнан улар минтақада электр энергиясини савдо қиладилар. Рақобат бор, шунинг учун энг муҳими кечикмаслик. Албатта, ҳамма нарсани ҳисоблаш керак, лекин кечикиш ҳам керак эмас. Ўйлайманки, икки давлат сиёсатчилари буни тушунишади», — деди Олег Мальгинов.

Аввалроқ Ўзбекистон мамлакат ичида ва қўшни давлатларда, хусусан, Қозоғистонда АЭС қурилишининг атроф-муҳитга таъсирини халқаро стандартлар ва МАГАТЕ талабларига мувофиқ баҳолаш бўйича жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш ниятида экани хабар қилинганди.