Урганч шаҳридаги «Перинатал марказини қайта таъмирлаш» объектини фойдаланишга қабул қилиш комиссияси раиси ўзгартирилди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ҳокимининг тегишли фармойишида ўз аксини топган.

Бунга сабаб ушбу объектни фойдаланишга қабул қилиш комиссияси раиси Б.Қурбанов (вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Қурбанов Бахром Шарипович) билан бош пудратчи ташкилот раҳбари ўртасида аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжуд бўлгани келтирилган.

Объектни фойдаланишга қабул қилиш ҳудудий давлат комиссияси раиси этиб — Урганч шаҳри ҳокими Холбоев Ойбек Мадаминович белгиланган.

2020 йилнинг декабрида Қурбанов Бахром Шарипович раислигида 20 млрд сўмдан ортиқ бўлган Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш бўйича тендер савдо комиссияси мажлиси ўтказилган ва унда «Bunyodkor» МЧЖни ғолиб сифатида танлаб олинган.

Мазкур корхона улушлари, юридик шахслар реестрига кўра, тўлиғича Курбанов Улугбек Шариповичга тааллуқли.

Фото: «davletovuz» Telegram-канали

Davletovuz Telegram-канали ёзишича, у вилоят ҳокими ўринбосари, тендер комиссияси раиси Бахром Қурбановнинг яқин қариндоши — укаси ҳисобланади.

Қолаверса, мазкур компания 7 млрд сўмлик Урганч шаҳар Ашхобод МФЙдаги ичимлик сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича тендерда ҳам ғолиб бўлганди. Тендер натижалари 2020 йил сентябрь ойида эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрелида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд сўм,172 та дўкон, кўп қаватли уйлардаги 14 та хонадон, 43 та автомашина ва бошқа кўчмас мулклар зарарни ундириш учун хатланганини маълум қилганди. Собиқ ҳоким ўринбосари ва яна 10 киши ҳибсга олинган.