Афғонистон муваққат ҳукуматининг Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги ҳайдовчиларга автомобилларида мусиқа қўйиш ва ҳижобсиз аёлларни машинага чиқаришни тақиқлади, деб хабар берди Kabul News Twitter-саҳифасида. Kabul News`нинг яна бир твитида мамлакат ТИВ вакили телеканалга машиналарда мусиқа қўйиш ва ҳижобсиз аёлларни ташиш тақиқлагани маълум қилинди.

Kabul News, шунингдек, ҳайдовчиларга нисбатан узоқ масофаларга аёлларни маҳрамисиз — турмуш ўртоғи ёки оила қуриши мумкин бўлмаган яқин қариндошларисиз олиб юриш ҳам тақиқланганини маълум қилди.

Аввалроқ TOLO News телеканали Афғонистон ҳукумати Кобулдаги дўконлар ва бизнес марказларидаги реклама баннерларидан аёллар суратларини олиб ташлашни буюргани ҳақида хабар берган эди. Пойтахт ҳокимияти вакили «ислом қоидаларига зид» барча суратларни олиб ташлаш зарурлигини айтди. Бу қарор гўзаллик салонлари эгаларининг норозилигига сабаб бўлди, чунки бу уларнинг бизнесига жиддий зарар етказиши мумкин.

Аввал хабар қилинганидек, мактабга бора олмайдиган 4,2 миллион афғон боласининг 60 фоизи қизлардир. Кўпгина вилоятларда бу қизларнинг таълим олишининг асосий шарти бўлган аёл ўқитувчиларнинг етишмаслиги билан боғлиқ. Ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимларини ҳисобга олмаганда, одатда аёлларнинг ишлашига рухсат берилмайди. Эркак ҳамроҳлигисиз уйдан чиқиш тақиқланади — баъзи жойларда ушбу қоидани бузганликлари учун улар қаттиқ жазога дуч келишади.

Декабрь ойи бошида «Толибон» аёллар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича фармон чиқарган эди. Унда айтилишича, никоҳ учун аёлнинг розилиги керак ва ҳеч ким уни «мажбурлаш ёки босим билан» турмушга бера олмайди. Фармонда кўпхотинлилик ҳолатлари ҳам тартибга солинган: эрлар «барча аёлларга шариат қонунларига мувофиқ ҳуқуқлар беришга» мажбур.

БМТ ушбу қадамни «муҳим сигнал» деб атади, бироқ ташкилотга кўра, кўплаб саволлар ҳалигача жавобсиз қолмоқда. Масалан, ҳужжат никоҳ қуришнинг энг кичик ёшини белгиламаган ва қизларнинг таълим олиш, меҳнат қилиш, эркин ҳаракатланиш ва жамоат ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқларини таъминламаган.