Қозоғистоннинг Қизилўрда ва Ўзбекистоннинг Учқудуқ шаҳарлари ўртасида 280 километрлик янги магистраль йўл қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда LS нашри Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлигига таяниб хабар қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, декабрь ойида икки давлат вакиллари Қизилўрда-Учқудуқ автомобиль ва темир йўл қурилиши режасини имзолаган. Магистраль йўлнинг умумий узунлиги 280 км ни ташкил этиб, унинг 140 километри Қозоғистон ҳудудидан ўтиши кутилмоқда.

2024−2025 йилларда йўлнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, 2025 йилдан эса икки-уч йил ичида йўл қурилишини бошлаш режалаштирилган.

«Автомобиль йўли қурилишининг смета қиймати 75 млрд тенге (173 млр доллар), жумладан, назорат-ўтказиш пункти қурилиши учун 5 млрд тенгени ташкил этади», — дейилади хабарда.

Мазкур йўлнинг Марказий Осиё давлатларини Қозоғистоннинг жанубий, марказий ва шимолий ҳудудлари орқали Россия билан бирлаштириши кутилмоқда. Йўл Қизилўрда — Жезқазғон — Павлодар — Россия чегараси халқаро коридорининг бир қисми бўлади.

«Бундан ташқари, Ўзбекистон томони Қизилўрда — Учқудуқ янги темир йўл линиясини қуриш ташаббуси билан чиқмоқда. Қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди. Техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш учун иқтисодий таҳлил ўтказиш қолади», — дейилади хабарда.

Бу икки давлатнинг режаларидаги ягона темир йўл эмас.

Сайёҳлик салоҳиятини ошириш учун 2021−2024 йилларда 160 млрд тенгега (тахминан 369 млн доллар) Туркистон-Чимкент-Тошкент тезюрар автомобиль йўлини қуриш масаласи ҳам ишлаб чиқилмоқда. Ушбу лойиҳа Марказий Осиёнинг энг йирик тарихий-маданий марказларини бирлаштиради, йўловчи ташиш ҳажмини йилига 250 км/соат тезликда 1,9 млн йўловчига етказади.

Шунингдек, 115 км узунликдаги Ўзбекистон темир йўл линияларига чиқадиган Дарбаза — Мақтарал темир йўл линияс қурилиши ҳам ишлаб чиқилмоқда. Давлат режасида мазкур лойиҳага 161,8 млрд тенге маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Мазкур темир йўлнинг Афғонистон, Покистон, Туркманистонга транзит масофасини қисқартириши, мавжуд Сариағаш назорат-ўтказиш пунктидаги юкламани енгиллаштириши кутилмоқда.