Ўзбекистон халқ артисти, таниқли композитор ва дирижёр Шермат Ёрматов вафот этди, деб хабар бермоқда Маданият вазирлиги.

Шермат Ёрматов 1939 йил 17 октабрда Фарғонада туғилган. У хор дирижёри, композитор, болалар хори санъатининг фаол тарғиботчиси бўлган.

1997 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони билан мукофотланган.

Тошкент давлат консерваториясини хор дирижёрлиги мутахассислиги бўйича тугатган Ёрматов шаҳардаги 99-ўрта мактабда мусиқа ўқитувчиси ва «Бойчечак» хор студиясининг раҳбари сифатида ишлаган.

Композитор ижоди вокал мусиқа (айниқса болалар учун яратилган қўшиқлар) билан эсда қолган: «Салом мактаб», «Ғилдирагим», «Икки қўйманг, ўқитувчи!», «Сумалак», «Оймоможон ром бўлди», «Қизалоқ», «Хон атлас», «Бу юртнинг ёшлари», «Читти гул», «Ассалом ҳаёт» қўшиқлари турли мусиқа тўпламларида нашр этилган.

Композитор 1994 йилда «Соғлом авлод учун» ордени билан ҳам мукофотланганди.