14 декабрь куни Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида судланувчи Ш. И. (1997 йилда Андижон вилоятида туғилган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни ниҳоясига етди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар қилди.

Ушбу жиноят иши Тошкент вилоят суди раиси ўринбосари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси У. Расулбердиев раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра Ш. И. Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 1-қисми, 97-моддаси 2-қисми «а», «в», «г», «ж», «р» бандлари, 119-моддаси 2-қисми «г» банди, 130-моддаси 2-қисми «а» банди, 140-моддаси 2-қисми ва 219-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

И. Ш. га Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 4-қисми тартибида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 29 июлга ўтар кечаси беш киши- бир оиланинг тўрт аъзоси (ота, икки қизи ва ўғил) ҳамда уйда ишлаган қурувчи шафқатсиз равишда ўлдирилган эди.