Президентнинг 10 декабрдаги «Гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда Norma.

Ҳужжатда республикада гидроэнергетикани янада ривожлантириш ҳамда мавжуд гидросалоҳиятдан унумли фойдаланишнинг қуйидаги асосий йўналишлари белгиланди:

  • электр энергетика соҳасида экологик тоза энергия манбаларидан кенг фойдаланиш ҳисобига изчил янги қувватлар ташкил этишни жадаллаштириш ҳамда амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини босқичма-босқич модернизация қилиш орқали 2030 йилда республикадаги гидроэлектр станциялари қувватини 3416 МВтга етказиш;
  • хусусий сектор ва аҳолини табиий сув оқимларидан фойдаланган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш учун кенг жалб этиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ягона электр энергетикаси тизимига кафолатли уланишини таъминлаш, ишлаб чиқилган электр энергиясини кафолатли харид қилиш тизимини яратиш.

2021−2030 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди, унга қуйидагилар киритилган:

  • 2021−2030 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш ва гидросалоҳиятдан фойдаланиш даражасини оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари;

қуйидаги рўйхатлар:

  • Ўзбекистон Республикасининг 2021−2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига киритилган ва 2022−2026 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг рўйхати;
  • 2024−2030 йилларда мавжуд гидросалоҳиятдан фойдаланиш даражасини ошириш, гидроэлектр станциялари янги қувватларини яратиш ва мавжудларини модернизация қилишга қаратилган инвестиция лойиҳалари рўйхати;
  • хусусий сектор иштирокида кичик гидроэлектр станцияларини қуриш таклиф этилаётган лойиҳалар рўйхати;
  • 2022−2025 йилларда кооперация асосида маҳаллийлаштириш учун таклиф этилаётган кичик гидроэлектр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланиш учун зарур асбоб-ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар рўйхати.

Кафолатланган тарзда давлат томонидан электр энергиясини харид қилувчи ваколати берилган орган:

а) 2022 йил 1 январдан бошлаб ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда электр энергиясини:

  • сув оқими бўйича ишлайдиган гидроэлектр станцияларида — II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун белгиланган тарифга нисбатан 70% миқдорда;
  • электр энергетика тизимининг режимига боғлиқ ҳолда диспетчер томонидан тартибга солинадиган, ростловчи гидроэлектр станцияларида — II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун белгиланган тарифга нисбатан 100% миқдорда;
  • гидротўплаш электр станцияларида — II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун белгиланган тарифга нисбатан 150% миқдорда;

б) электр энергиясини янги ишга тушириладиган қуёш, шамол, биогаз электр станцияларидан (саноат кўламидаги 1 МВт ёки ундан ортиқ қувватлар бундан мустасно), қуввати 5 МВт гача бўлган гидроэлектр станцияларидан ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилгандан ортиқча электр энергиясини — II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун белгиланган тарифга нисбатан 80% миқдорда сотиб олади.

Хусусий инвесторлар (ташаббускорлар) қуввати 1 МВт гача бўлган қуёш, шамол, биогаз ҳамда қуввати 5 МВт гача бўлган гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини юридик ва жисмоний шахсларга ягона электр энергетика тизимига уланмаган ҳолда, тўғридан-тўғри етказиб бериш ҳуқуқига эга. Локал тармоқ қуриш шартнома асосида ўзаро келишилган нархларда амалга оширилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10 декабрдан кучга кирди.