2022−2026 йилларда Тошкентда 123,7 минг ўринли 30 та мактаб қуриш режалаштирилган, бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали президент Шавкат Мирзиёевнинг 11 декабрь куни пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманига ташрифига бағишланган лавҳасида маълум қилди. Аммо бу синфларда жой етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун этарли эмас.

Давлат раҳбарига намойиш этилган тақдимотда айтилишича, ҳозир пойтахтда мактабда бир ўринга ўртача 1,4 нафар ўқувчи тўғри келади. Жорий ўқув йилида 25 та умумтаълим мактаби қувват коэффициенти 2,1 дан ортиқ (ҳар бир ўринга 2,1 ўқувчи) ҳолда фаолият юритмоқда. Баъзи ҳудудларда вазият янада ёмонроқ. Бектемир туманида синфларнинг тўлганлик даражаси ўртача 1,7, Юнусободда — 1,6, Миробод, Чилонзор ва Яккасарой туманларида — 1,5 ни ташкил этади.

Фото: «Ўзбекистон 24».

2022−2026 йилларда Тошкентда 123,7 минг ўринли 30 та мактаб қуриш, шунингдек, 60 та мактабни реконструкция қилиш режалаштирилган.

2021 йил ҳолатига кўра, мактабларнинг сиғими 332 минг ўринни ташкил этади, бироқ уларда 470 минг бола таҳсил олади. 2025 йилда мактаблар сиғими 455 минг ўринга, ўқувчилар сони эса 550 минг нафарга етиши кутилмоқда. Коэффициент 1,2 га тушади.

Олий Мажлис Сенатининг 16 декабр куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида сенаторлар Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга яқин йилларда мактаб ўқувчилари сони ярим миллиондандан ошишини ҳисобга олиб, тўлиб-тошган синфхоналар муаммосини қандай ҳал қилиш режалаштирилганлигини сўрадилар.

Ҳокимнинг айтишича, бу сўнгги йиллардаги энг долзарб муаммолардан бири.

«Тўғри, бир йил, икки йилда бу муаммони ечиб олиш қийин, лекин фуқароларимиз кутиб турмайди. Фарзандларимиз ўқимасдан имконияти йўқ. Биз ҳозир олдимизга лойиҳа сифатида қатор мақсадлар қўйганмиз. Лойиҳалардан бири шуки, ўша мактаблар атрофида хусусий тадбиркорлар томонидан қурилган бинолар бор. Улар бўш турибди ва ижара сифатида бериш мумкин. Агар лозим бўлса, балки ўша бинолардан ижарага олиб, давлат билан икки, уч, тўрт, беш йил келишиб, катта синфларни ўша ерларда ўқитиб, бу вазиятдан четроқ чиқиб кетиш имкониятимиз бўлади», — деди у.

Бунда Жаҳонгир Ортиқхўжаев муаммони ечиш бўйича аниқ ечимлар кейинроқ тақдим этилишини маълум қилди.

«Давлатимиз янада оёққа туриб, янада пули кўпайганида янаги йилларда балки 20−30 тадан мактаб қуришга балки имкониятимиз етар. Унга қадар бугун ўқитиш йўлларини ушбу лойиҳалар мисолида кўряпмиз, лекин бу аниғини ҳозир айта олмайман. Янги йилдан кейин маълум бўлади», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, ноябрда президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилда давлат томонидан 410 млрд сўмлик 40 тамактаб қуриш режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилган эди. «Газета.uz"бунинг ўтган йилгидан деярли икки баравар кўплиги, аммо мактабларда жой етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун ҳали ҳам ҳалокатли даражада етарли эмаслиги ҳақида ёзди.