Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2022 йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбари ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2022 йилда мўлжалланган давлат бюджети лойиҳасида, аввало, ижтимоий йўналишларга катта эътибор қаратилган. Хусусан, таълим ва тиббиёт тизимига 58 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент бу маблағга қўшимча тарзда яна 12 трлн сўм ажратиш таклифини билдирди. Ҳудудлардаги эҳтиёж ва аҳоли талабидан келиб чиқиб, келгуси йилда 55 та янги дастур амалга оширилиши белгиланган.

Жумладан, чекка жойларда 1600 та болалар боғчаси ташкил этиш, Миллий таълим дастури доирасида 40 та янги мактаб қуриш ва 235 тасини таъмирлаш, дарсликларни янгилаш ҳамда компьютер синфлари очиш каби кўплаб чора-тадбирлар мўлжалланган.

Олий таълим тизимида бакалавр йўналишида давлат грантлари, магистратура ва докторантурага қабуллар сонини ошириш, давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхоналар қуришга субсидия бериш ҳамда 80 мингдан ортиқ талабалар ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш кўзда тутилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш ҳамда ҳудудларда юқори технологик тиббий хизматларни жорий этишга 2022 йилда жами 8 трлн сўм ажратилиши мўлжалланмоқда. Шундан 1 трлн сўм онкогематология, эндокринология, буйрак ва жигарни кўчириш каби дастурларга йўналтирилади. Коронавирусга қарши эмланганлар сонини 17 млн нафарга етказиш, эҳтиёжманд аҳолига ихтисослашган тиббий хизматлар учун ҳам зарур маблағ ажратилади.

Давлат раҳбари муаллим ва шифокорларнинг ойлик иш ҳақини босқичма-босқич ошириш зарурлигини таъкидлаб, бунинг учун қўшимча маблағ йўналтиришни таклиф қилди.

Шунингдек, уй-жойлар ва ижтимоий объектлар қуриш, маҳаллаларни обод этиш чора-тадбирлари учун 26 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган.

«Бу соҳаларга шу кунгача бундай катта маблағ берилмаган. Энди буни тартибли, самарали тарзда жой-жойига етказиш керак. Шунинг учун ҳар бир дастур бўйича ажратиладиган маблағларни мақсадли кўрсаткичлар билан боғлаган ҳолда, электрон назорат тизимини жорий этиш лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Молия вазирлигига 2022 йил 1 январдан тендерларни инсон омилисиз ўтказиш тизимини жорий қилиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, барча бюджет ташкилотлари бухгалтериясини тўлиқ рақамлаштириш, давлат харидлари бўйича ҳисоб-китобларни электрон ҳисоб-фактура орқали амалга ошириш юзасидан топшириқлар берилди.

Давлат раҳбари бюджет лойиҳасини маҳаллий кенгашлар, тадбиркорлар ва аҳоли билан муҳокама қилиш, уларнинг таклифларини Олий Мажлисга муҳокамага киритиш лозимлигини таъкидлади.