1 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонига жўнаб кетган эди.

Идора матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, делегация карантин чекловлари шароитида Умра сафарини ташкил қилиш бўйича подшоҳлик муассасалари билан музокаралар ўтказган.

Маълум қилинишича, яқин фурсатларда «COVID-19» пандемияси бошланишидан аввал Умра сафари учун пул тўлаб, навбатда турганлар ва бошқа фуқаролар учун зиёрат қилиш имкониятлари яратилади.

Рухсат этилиши кутилаётган зиёрат учун карантин тартиблари қандай бўлиши мумкинлиги маълум қилинди. Унга кўра, зиёратчиларни меҳмонхоналар хоналарига, автобусларда ўриндиқларга жойлаштиришда оралиқ масофа сақланиши ҳисобига ташриф буюрувчилар сони 50 фоизгача қисқартирилади.

Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқланган ҳолда тарқатиш, ўрнатилган бошқа карантин тартиб-қоидаларга риоя этиш унчалик катта бўлмаган миқдорда қўшимча маблағларни талаб этиши мумкин.

Умра зиёратлари муддатлари, қўшимча тўлов миқдори, вакцинация тўғрисидаги маълумотлар тез орада маълум қилинади, дейилади хабарда.