1 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонига жўнаб кетди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.

Сўнгги вақтларда Саудия Арабистони ва Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланиб, кунлик касалланиш даражаси тушиб бормоқда, вакцина олган аҳоли сони ошиб, чекловлар ҳам юмшатилмоқда.

«Айни кунларда Ўзбекистон мўмин-мусулмонлари катта интиқлик билан умра мавсумининг бошланишини кутишмоқда. Умид қиламизки, тез орада мавжуд эҳтиёт чоралари ҳам юмшаб, юртимиз мусулмонлари яна эмин-эркин умра ибодатларини адо этиш саодатига эришадилар, инша Аллоҳ», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, Саудия Арабистони 10 августдан бошлаб хорижлик зиёратчилар учун Умра мавсуми тикланишини эълон қилганди. Зиёратчилар коронавирусга қарши Pfizer, Moderna, AstraZeneca ёки J&J вакциналари билан тўлиқ эмланган бўлиши керак.

Олдинроқ, март ойида Саудия Арабистони ҳукумати коронавирусга қарши эмланган инсонларга кичик ва катта ҳаж зиёратлари учун рухсат берган эди. Мамлакат ўтган йил ноябридан 50 ёшдан катта бўлмаган зиёратчиларни манфий натижали ПЗР-тест билан Умра зиёрати учун киритишни бошлаган эди.