Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Азиз Ташпулатов 11 ойлик иш натижалари бўйича йиғилишда қатор ИИО ходимларини ишдан бўшатди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда маълум қилинган таҳлил натижаларига кўра, ўтган 11 ой ичида шаҳарда 5 644 та жиноятлар аниқланган. Улардан 1 375 таси гиёҳвандлик ва психотроп воситаларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ. Ушбу жиноятлар бўйича 122 кг 756 грамм гиёҳвандлик ва 108 минг 550 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг тарқалиб кетишининг олди олингани маълум қилинган.

Бундан ташқари, ушбу давр мобайнида 822 нафар қидирувдаги жиноятчилар ушланиб, жазога тортилган.

Йиғилиш давомида Тошкент шаҳрида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда камчиликларга йўл қўйгани учун Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғининг биринчи ўринбосари ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосари ишдан олинди.

Шунингдек, Янгиҳаёт ва Шайхонтоҳур туманлари ИИО ФМБ бошлиқларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Сергели тумани ИИО ФМБ бошлиғи, унинг биринчи ўринбосари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ҳамда жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарлари интизомий жазога тортилди.

Шу билан бир қаторда, туманда ижобий кўрсатгичларга эришган Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари бошқарма бошлиқларига ташаккур эълон қилинди.