Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) республика бўйича жами 24,5 кгдан ортиқ гиёҳванд моддаларни мусодара қилди, дея хабар берди ДХХ матбуот хизмати.

Жумладан, ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Фарғона шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган фуқаро (1988 йилда туғилган) бошқарувидаги «Spark» русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 4 кг 459 гр «опий» ва 2,975 кг. «гашиш» гиёҳванд моддалари борлиги аниқланган. Терговга қадар текширув давомида, у аввалроқ жиноий шериги (1993 й. т.)га 7,9 кг «гашиш» моддаси берганлиги аниқланиб, ушбу наркотиклар ҳам тегишли тартибда олиб қўйилган.


Яна бир тезкор-қидирув тадбирида эса икки нафар фуқаронинг (1973 й.т.) Фарғона шаҳридаги яшаш манзилида 1,1 кг «гашиш» ҳамда 991 грамм «опий» моддалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, тадбир давомида улардан наркотик сотиб олиш учун Марғилон ва Қўқон шаҳарларидан келган икки харидор ҳам қўлга олингани айтилди.

Андижон вилояти ДХХ ходимлари томонидан Хўжаобод туманидаги «Дўстлик» халқаро назорат ўтказиш пунктида ўтказилган тезкор тадбирда, Андижон туманида истиқомат қилувчи, муқаддам судланган фуқаро (1988 й. т.) бошқарувидаги «Spark» русумли автомашинада 6,1 кг «гашиш» моддаси олиб қўйилди.

Қашқадарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда «Сурхондарё — Фарғона» йўналишида ҳаракатланиб келаётган, Учкўприк туманида яшовчи фуқаро (1974 й. т.) бошқарувидаги автотранспорт воситаси «Умакай» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, автомашинада хўжалик молларини ўлчашга мўлжалланган тарозига хуфиёна жойлаштирилган 1,047 кг гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди. Шу билан бирга, унга ушбу гиёҳвандлик моддасини бериб, ортидан кузатиб келаётган жиноий шериги, Денов туманида истиқомат қилувчи, муқаддам «героин» моддаси савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган фуқаро (1973 й. т.) ҳам ҳибсга олинди.

Қорақалпоғистон Республикасида ДХХ ва Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида Элликқалъа туманида яшовчи, муқаддам судланган фуқарода (1988 й. т.) 2990 дона «Трамадол» гиёҳвандлик воситаси топилиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.


Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 5,450 кг «опий», 19,210 кг «гашиш» ҳамда 2990 дона «Трамадол» гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.

Қайд этилишича, барча ҳолатлардаги гиёҳвандлик воситалари келгусида сотиш мақсадида қўшни давлатлардан контрабанда йўли билан олиб ўтилган. Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.