Президентнинг 1 декабрдаги фармони билан «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 30 йил» эсдалик нишони таъсис этилди, дея хабар қилди Norma.uz.

Эсдалик нишони билан мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган шахслар, юқори профессионал маҳорати, ҳарбий-ватанпарварлик бурчига садоқатини намоён этган ҳарбий хизматчилар, жумладан, республика мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича жанговар ҳаракатларда иштирок этган, захирага бўшатилган ёки истеъфога чиқарилган ҳарбийлар, шунингдек, ҳарбий ҳамда хизмат бурчини бажаришда ҳалок бўлган ёхуд ярадор бўлган ва шикастланган Қуролли Кучларнинг ҳарбий хизматчилари тақдирланади.

Эсдалик нишони президент — Қуролли Кучлар олий бош қўмондони номидан куч ишлатувчи тузилмалар вазирлик ва идоралари раҳбарларининг буйруқларига асосан қўшилма командири ва ундан юқори лавозимдаги шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилади.

Мукофотланганларга эсдалик нишони билан бирга гувоҳнома берилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2 декабрдан кучга кирди.